Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 29-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-422-сон қарорнинг 7-иловаси билан тасдиқланган “Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг 2024 — 2026 йиллар учун бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари”нинг 18.4-бандида “Еталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини харид қилиш дастури” тасдиқланган ҳамда 2024-йил учун давлат бюджетидан 27,0 млрд.сўм маблағ кўзда тутилган.
Шунга кўра, Агентлик тизим ташкилоти “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДМ (кейинги ўринларда - Институт) томонидан умумий қиймати 27,0 млрд. сўмлик юқори аниқликдаги эталонлар хариди учун белгиланган тартибда техник топшириқлар ишлаб чиқилди ҳамда ажратилган маблағлар доирасида харажатлар сметаси тузилиб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан рўйҳатдан ўтказилди.
Шунингдек, умумий қиймати 17,5 млрд. сўмлик (1,4 млн. доллар) юқори аниқликдаги 3 та (суюқликларнинг электр ўтказувчанлиги бирлиги эталони, сувли эритмалардаги водород ионлари фаоллигининг (pN) кўрсаткичи эталони, сувли эритмалардаги водород ионлари фаоллигининг нитрат (rX) кўрсаткичи эталони) эталонларни хариди учун белгиланган тартибда тендер савдолари ўтказилиб, шартнома имзоланди.
Бундан ташқари, Институт томонидан 9,5 млрд сўм маблағ ҳисобига 2 та (ўлчаш ток трансформаторлари калибрлаш тизими эталони ва Хажм ўлчаш бирлиги эталони) эталонларни харид қилиш учун чекланмаган миқдордаги шахсларга махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизими (https://etender.uzex.uz)га, ҳамда, Институтнинг веб-сайтига тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон жойлаштирилди (елон қилинди).