Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунига асоссан Ўзбекистон Республикасида стандартлаштириш ишларини ўтказишнинг умумий ташкилий-техник қоидаларини тартибга солиб турувчи стандартлаштириш тизими фаолият кўрсатади.
Стандартлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таъминлашни:
- халқ хўжалиги тармоқларида - Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;
- қурилиш, қурилиш индустрияси соҳасида, шу жумладан лойиҳалаш ва конструкциялашда - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;
- табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда атроф муҳитни ифлосланишдан ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилиш соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
- тиббиёт учун мўлжалланган маҳсулотлар, шу жумладан дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника соҳасида, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган, шу жумладан импорт бўйича етказиб берилаётган маҳсулотларда инсон учун зарарли моддалар мавжудлигини аниқлаш масалаларида - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- мудофаа қобилиятини ва сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш, мудофаа аҳамиятига молик маҳсулотлар соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги амалга оширади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ушбу Қонунга мувофиқ стандартлаштириш ишларини ўтказишнинг умумий қоидаларини, манфаатдор томонларнинг давлат бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари билан олиб борадиган ҳамкорликдаги ишининг шакл ва усулларини белгилайди.
Ушбу Қонунга мувофиқ давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида стандартларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва нашр этади.
Ўзбекистон Республикасида стандартлаштиришга доир қуйидаги тоифадаги норматив ҳужжатлар қўлланилади:
- халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар;
- Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари;
- ташкилотнинг стандартлари;
- хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари.
Давлат ягона узлуксиз таълим тизимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилади.
Стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар жумласига, шунингдек стандартлаштириш қоидалари, нормалари, техник-иқтисодий ахборот классификаторлари ҳам киради. Мазкур ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тартиби Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигитомонидан белгиланади.
Хўжалик фаолияти субъектлари томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига, стандартлаштиришга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек бошқа махсус ваколатли давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
Маҳсулот ва технологияларнинг маълум бир турлари ёки фаолияти турларини стандартлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек курсатилган обектлар юзасидан халқаро (минтақавий) стандартлаштириш ишларини ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикасида 33 та Техникавий қўмитаси (ТҚ) мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4059-сонли қарорига мувофиқ "Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси" (Стандартлар институти) ташкил этилди.
Ушбу қарорига асосан "Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси" стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштириш, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни, шу жумладан, шартнома асосида хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг аризалари бўйича ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ташкилот этиб белгиланди.