Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оммавий ахборот воситалари ходимларидан янада фаол, ҳозиржавоб, ташаббускор бўлишни, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил асосида ёритишни талаб этмоқда. 

Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани А.Матёқубов ва бошқалар истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий медиа соҳасини равнақ топтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, матбуотни чинакам эркин фикр минбарига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. 

18.jpg

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ билан самимий ва очиқ мулоқот ўрнатиш, одамларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ечим топиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган ислоҳотларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтариш, юртдошларимизнинг тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон ҳаёт даражасини янги мазмун билан бойитиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар матбуот ходимлари зиммасига ҳам янги-янги вазифаларни қўймоқда. 

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун кенг шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизациялашнинг янги истиқболларини белгилаб берди. 

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар асосида жамиятда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистлар фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шакллари жорий этилмоқда. 

Медиа соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида барча турдаги оммавий ахборот воситаларида тайёрланаётган материаллардаги ўзига хос ижодий, танқидий-таҳлилий ёндашув, медиа маҳсулотлар сифатини тобора яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларига замонавий технологияларни жорий этиш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг касб салоҳиятини юксалтириш, халқимизни тезкор, холис ва ҳаққоний ахборотлар билан таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг матбуот хизматлари билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга жорий этилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши нашриётлар фаолиятини давр руҳига мос йўлга қўйиш, ноширлик ишининг янада ривожланиши, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган "Йилнинг энг фаол журналисти" ижодий танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан таъсис этилган "Энг фаол спорт журналисти" республика танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди. 

Йиғилишда сўзга чиққанлар матбуотимиз ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

– Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғайрат, қатъият, шижоат, ижодий изланиш билан меҳнат қиладиган вақт, – дейди "Тошкент" телеканали муҳаррири, "Йилнинг энг фаол журналисти" танлови ғолиби Улуғбек Раҳмонқулов. – Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини эъзозлаш доимий эътиборда. Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, зиммамиздаги масъулиятни теран англаш, Ватан, халқимиз манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилишни асосий бурчимиз, деб биламиз. 

Тадбирда Ўзбек Миллий академик драма театрининг "Мирзо Улуғбек" спектакли намойиш этилди. 

* * *


Шу куни пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун сайил бўлиб ўтди. Ижодий кечалар, китоб савдоси, спорт мусобақалари ташкил қилинди, мусиқий дастурлар намойиш этилди. Барча аттракционлар кичкинтойларга бепул хизмат кўрсатди. 

 

 

Манба: ЎзА