Қурултойда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 июндаги «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси олдида турган долзарб вазифалар кўриб чиқилди. 

Мамлакатимизда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлаб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. 

Мамлакатимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини шакллантираётгани, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 78 фоиздан зиёдини иш билан таъминлаётгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва роли тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, аввало, вилоятлар, шаҳар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини энди бошлаган даврларда уларни қўллаб-қувватлашнинг янги самарали тизимини яратишни тақозо этади. 

Бу ўринда иқтисодиётда хусусий сектор позицияларини мустаҳкамлаш мақсадида 2004 йилда тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бинобарин, палата ташкил этилгандан бери мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари икки баравар, секторда иш билан банд бўлганлар бир ярим бараварга ортгани уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашни тақозо этмоқда. Бунда Савдо-саноат палатаси имкониятларидан самарали фойдаланиш мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. 


6 (5).JPG

 
Қурултойда таъкидланганидек, фармонда мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, палата тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳалари бўйича фаолият олиб боради. 

– Савдо-саноат палатаси томонидан Президентимиз ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида бевосита мулоқотларни таъминлаш мақсадида учрашувлар ташкил этилиши барча тадбиркорларни қувонтирди, – дейди «Dentafill Plyus» корхонаси раҳбари Саркор Эсонбоев. – Бу давлат идоралари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликнинг олий кўриниши сифатида биз тадбиркорлар олдида турган ҳар қандай ғов ва тўсиқларни бартараф этилишини таъминлаш, ўз ғоя ва таклифларимиз билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш имкониятини яратади. 

Давлатимиз раҳбарининг «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисида хулоса бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Яъни, тадбиркорлик соҳасидаги барча лойиҳалар мажбурий равишда Савдо-саноат палатаси билан келишилиши зарур.

Назорат органлари томонидан режалаштирилган текширувлар ҳақида аввалдан Савдо-саноат палатасига хабар берилиши, шунингдек, давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига Савдо-саноат палатаси вакилларининг киритилиши тартиби жорий этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси олдига қўйилган вазифаларни, берилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда Савдо-саноат палатасининг ташкилий-бошқарув тузилмасини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган. 

– Бир неча йил аввал икки киши билан фаолиятимизни бошлаган эдик, – дейди «Бека Чарос» корхонаси раҳбари Гулбека Қўчқорова. – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар самарасида бугунга келиб корхонамиздаги иш ўринлари сони қарийб элликтага етди. Президентимиз фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг ташкил этилиши фаолиятимизда учрайдиган ҳар қандай масалани бир жойда ҳал қилишга имкон яратади. 

Таъкидлаш керакки, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиб келаётган «ягона дарча» марказлари билан бир қаторда банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик компаниялари каби бозор инфратузилмаси субъектларини ҳам бирлаштиришни кўзда тутади. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, сифатли давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек, бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича тадбиркорлар билан ахборот алмашинувининг самарали усулини жорий этиш имконини беради. Бу пировардида мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади. 

Қурултойда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида ишлаб келаётган А.Икромов Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси этиб сайланди. 

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси У.Исмаилов иштирок этди. 
 
 

 

Манба: ЎзА