Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган "Start up Invest" тадбирида ёшларнинг энг яхши лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Ёшлар тадбиркорлигини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг эзгу ғоялари, мақсадларини ҳаётга жорий этишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Шуҳрат Аъзамов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университетини тамомлаб, "manzil.uz" мобиль иловасини янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.
– Бу илова сафарга ёки саёҳатга чиқмоқчи бўлган одамлар учун ҳам, автотранспорт ҳайдовчилари учун ҳам ғоят қулайдир, – дейди Ш.Аъзамов. – Сайтга кирувчилар ўз йўналиши бўйича ҳамроҳ топиши, шу йўналишдаги транспорт воситасидаги бўш ўринлар ҳақида маълумотга эга бўлиши билан бирга йўл кирасининг арзонлигига ҳам эришиши мумкин. Ҳозиргача мингдан ортиқ ҳамюртимиз "manzil.uz" хизматидан фойдаланди. Келгусида мазкур мобиль иловани янада такомиллаштириш ниятидаман.
Тадбирда тақдим этилган лойиҳалар етакчи экспертлар, мутахассислар томонидан долзарблиги, инновационлиги, фойдалилиги нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил этилиб, баҳоланди. Ёш тадбиркорларга замонавий бизнес оламидаги тенденциялар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
* * *
Тошкент маданият коллежида битирувчиларга диплом топширишга бағишланган тадбирда ёшлар учун яратилган шароитлар, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши йўлидаги имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Мазкур коллежни 351 битирувчи драма театри актёри, халқ чолғулари ижрочиси, фольклор-этнографик жамоалари раҳбари, анъанавий чолғулар ижрочиси, ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси каби 11 йўналишда тамомлади. Уларнинг аксарияти жойлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, "Баркамол авлод" марказлари, маданият ва санъат муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ахборот-ресурс марказлари каби масканларга ишга жойлашади. Айни пайтда коллежда таҳсил олган бир гуруҳ ёшлар халқаро ва республика танловларида биринчи ўринларни эгаллаб, олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш истагида.
– Мамлакатимизда ёшлар камолоти, таълим-тарбияси, меҳнат бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди коллеж битирувчиси Аброр Абдуҳакимов. – Бундай эътиборга жавобан, масъулиятни ҳис этиш, билдирилаётган юксак ишончга муносиб бўлиш бизнинг бурчимиздир.
Тадбирда битирувчи-ёшлар иштирокидаги бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди.
Манба: ЎзА