“Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланган чора-тадбирлар натижасида бозорлар ва савдо шохобчаларидаги сифати кафолатланмаган ва сертификати бўлмаган маҳсулотларнинг сотилишини олди олинмоқда
“Ўзстандарт” агентлигининг бевосита ташаббуси билан вилоят ҳокимликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг вилоятлардаги бошқармалари билан биргаликда жорий йилнинг ўтган даврида жами 367 та бозор ва савдо шахобчаларида аҳолига сотилаётган 36 турдаги 7556 дона электротехника маҳсулотлари бўйича ўрганишлар ташкил этилди.
Бунинг натижасида 4 300 та маҳсулотнинг (56,9%) мувофиқлик сертификатисиз истеъмолчиларга сотилаётгани аниқланди.
“Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини яхшилаш мақсадида жорий йил 28 апрел куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
“Ўзстандарт” агентлиги келгусида мазкур қарорнинг ижроси таъминланиши доирасида соҳадаги барча ислоҳотлар юқори босқичга кўтарилади. Аммо ҳозир бор вазиятни таҳлил қилиш ҳам айни муддаодир. Хўш, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан маълум қилинган айни пайтда бозор ва савдо шахобчаларида мувофиқлик сертификатисиз реализация қилинаётган сифати кафолатланмаган маҳсулотлар сирасига нималар киради?
Юқорида келтирилган ўрганиш жараёни бозорлар ва савдо шаҳобчаларида сертификатсиз ҳамда сифати кафолатланмаган иситиш тизими жиҳозларининг (иситиш қозонлари, электр печлар ва ш.к) реализация қилинишининг олдини олиш бўйича амалга оширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоят миқёсида олиб борилган ўрганишлар жараёнида савдога қўйилган иситиш тизими жиҳозларининг мувофиқлик сертификати мавжудлиги ва сифатига эътибор қаратилди. Афсуски натижалар қониқарсиз. Яъни ўрганиш ўтказилган савдо шохобчаларидаги бу турдаги маҳсулотларнинг аксарияти мувофиқлик сертификатига эга эмас, яъни сифати кафолатланмаган ҳолда савдога қўйилган.
Ҳурматли истеъмолчилар.
“Ўзстандарт” агентлиги сизни сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлишингизни яна бир бор огоҳлантиради.