Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. 

Қозоғистон Республикаси Жамбил вилояти ҳокимлиги, ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятида бўлди. 

Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев бошчилигидаги делегация Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари ва мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Меҳмонлар Жиззах политехника институти, Олимпия захиралари коллежи, вилоят тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, “Жиззахпластекс” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Шароф Рашидов туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган замонавий уй-жойларни кўрди. 

Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди. Хиёбондаги “Нуронийлар маскани” мажмуасида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар фаолияти, “Дўстлик уйи”да маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун яратилган шароитлар, вилоят қозоқ миллий маданият маркази фаоллари билан ўтказилган самимий суҳбат меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

– Халқлар ўртасидаги дўстлик давлатлар ижтимоий-сиёсий ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади, – дейди Жамбил вилояти ўзбек маданияти бирлашмаси фахрий президенти Ғафур Қосимов. – Жамбил кўп миллатли ҳудуд. Ўзбеклар ҳам бошқа миллатлар қатори тинч-тотув яшаб, меҳнат қилмоқда. 

Делегация аъзолари “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида енгил ва кичик юк автомашиналари, микроавтобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари учун батареялар ишлаб чиқарадиган «Жиззах аккумулятор заводи» цехлари, завод лабораторияси, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Меҳмонлар ушбу корхона маҳсулотлари Қозоғистонда ҳам харидоргир эканини таъкидлади. 

Жиззах шаҳрида ташкил этилган саноат ярмаркаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ғаллаорол туманидаги “Сангзорпарранда” МЧЖда етиштирилган гўшт маҳсулотлари, Жиззах шаҳридаги “Ecoclimat” МЧЖнинг шиша-тола буюмлари, “JizzaxPlastex” қўшма корхонаси маҳсулотлари, Шароф Рашидов туманидаги “Davurbek Jilosi” МЧЖнинг қандолат маҳсулотлари, Дўстлик, Зомин, Зарбдор, Пахтакор, Фориш, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманлари саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли моллари сифати ва замонавий дизайни билан меҳмонларга манзур бўлди. 

Ғаллаороллик ҳунарманд Барно Нарзуллаеванинг ярмаркада намойиш этган сопол товоқ, лаган ва бошқа буюмларини меҳмонлар юқори баҳолади. 

– Жамбил вилоятининг Ўзбекистон билан товар айланмаси ҳажми 2016 йилда 34 миллион АҚШ долларини ташкил этди, – дейди Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев. – Бу кўрсаткич 2015 йил билан солиштирганда 28 фоизга ортганини кўриш мумкин. Жамбил вилояти орқали Ўзбекистонга буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи, фосфат, кальций, натрий трифосфат ва бошқа халқ истеъмоли моллари экспорт қилинмоқда. Ўзбекистондан ҳўл ва қуруқ мева, кондитер маҳсулотлари, минерал сув, трикотаж буюмлари, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар импорт қилаяпмиз. Жиззах вилоятига ташрифимиз вилоятларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга кенг йўл очади. 
Манба: ЎзА