Мамлакатимизда электр энергиясига талабнинг ортиб бориши ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш масаласини кун тартибига қўймоқда. 

Мамлакатимиз энергетика стратегиясининг муҳим вазифаларидан бири аҳолини ва иқтисодиётимизни энергетика ресурслари билан тўлиқ ва ишончли таъминлаш, шунингдек, энергия тежамкорлигини рағбатлантириш ҳисобланади. Бугунги кунда ёритиш тизимларида чўғланма лампалардан фойдаланиш аста-секин тўхтатилиб, люминециент ёки светодиод лампалардан фойдаланишга ўтилмоқда. 

Чўғланма лампалардан фойдаланиш – энергия тежамкорлик нуқтаи-назаридан бугун самарасиз амалиёт ҳисобланади. Чунки уларнинг фойдали иш коэффициенти 5 фоиздан камроқни ташкил этади. Бу электр энергиясининг 95 фоизи иссиқликка, фақатгина 5 фоизи ёритишга сарфланишини англатади. Норматив бўйича ишлаш муддати 1 минг соатга яқин. 

Энергия тежайдиган лампаларнинг ишлаш давомийлиги чўғланма лампаларга нисбатан 10 баробарга кўпроқ бўлиб, ёруғлик самарадорлиги 4-5 баробар юқори. Aгaр ёритиш ускунaлaрининг энергия сaмaрaдoрлиги кўрсaткичи чўғлaнмa лaмпaлaрдa 1 вaтт электр қуввaтигa 13 люмен/вaттдaн кaм бўлмaгaн миқдoрни тaшкил этсa, люминециент лaмпaлaрдa 65 люмен/вaттни, светoдиoд лaмпaлaрдa 110 люмен/вaттни тaшкил этaди. 

Мамлакатимизда чўғланма лампаларни ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатиш, энергия сарфи ҳажмини қисқартириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 2015 йил 5 майдаги «2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорига асосан 2016 йил якунлари бўйича иқтисодиёт тармоқларида 2016/2017 йил куз-қиш мавсумида энергоресурсларни тежаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда 1210,3 миллион кВт/соат электр энергияси ва 991,2 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди. 

Амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғими 10,8 фоизга, 2016 йилда 7,2 фоизга ва 2017 йилнинг биринчи чорагида 12,7 фоизга қисқаришига эришилди. 

Иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сиғимини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергияни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, меҳнат самарадорлигини ошириш яқин истиқболдаги вазифалар ҳисобланади. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 майдаги «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

"Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти таркибидаги “EGL-NUR” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда светодиод лампалар ва ёритгичлар ишлаб чиқараётган йирик корхоналардан бири. Ушбу корхона Жанубий Кореянинг “EG Lightings” компанияси ҳамкорлигида 2013 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, "Ангрен" эркин иқтисодий зонасида жойлашган. Ҳозир бу ерда ушбу маҳсулотнинг бир неча тури ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ойига 200 минг дона светодиод лампа ва 1000 дона ёритгич ишлаб чиқариш қувватига эга. 

Корхонада илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга юқори сифати, энергия тежамкорлиги туфайли истеъмолчилар ўртасида талаб юқори. Ишлаб чиқарилаётган лампалар ҳар қандай иқлим шароитига чидамли, халқаро стандартларга мос, экологик жиҳатдан хавфсиз. Улар инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз, зеро ультрабинафша ва инфрақизил нур таратмайди, таркибида оғир металл ва заҳарли моддалар йўқ. Корхона маҳсулотларидан мамлакатимиз шаҳарлари кўчаларида кенг фойдаланилмоқда. 

Ишлаб чиқарилаётган ушбу тежамкор лампалардан фойдаланиш муддати 30 минг соатдан ортиқ. Бу оддий чўғланма лампадан 30 баробар кўп дегани. Оддий чўғланма лампага нисбатан 9-10 баробар кам энергия сарфлайди. Светодиод лампалар ҳисобидан хонадонларда энергия сарфи бир неча баробар камаймоқда. Бу аҳоли турмуш даражасини яхшилаш билан бирга, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади. 

Қaбул қилингaн қaрoрнинг aмaлиётдa изчил қўллaнилиши нaфaқaт ёритиш мaқсaдлaридa электр энергиясидaн сaмaрaли фoйдaлaнишни, бaлки мaҳaллий кoрxoнaлaрдa энергияни тежaйдигaн лaмпaлaрни ишлaб чиқaришни кенгaйтириш ҳисoбигa янги иш ўринлaри ярaтишни таъминлайди. 

Манба:ЎзА