Қашқадарё вилоятида жорий йилда асалари оилалари сонини 68 минг 725 тага етказиш, 1 минг 310 тоннадан зиёд шифобахш маҳсулот олиш режалаштирилган.
– Ўтган йили ноқулай об-ҳаво оқибатида асал етиштиришда кўнгилдагидек натижага эришилмади, – дейди “Қашқадарё асали” масъулияти чекланган жамияти раиси Карим Хонназаров. – Қиш бироз совуқ келганидан асаларичилик хўжаликларида талафот кўп бўлди. Бу йил мавсумни самарали бошладик. Наслчилик хўжаликларида зотли ариларни кўпайтириб, асалари пакетларини талафот кўрган хўжаликларга тарқатдик. Озиқасини етказиб беришга кўмаклашдик. Айни пайтда барча хўжаликларда биринчи босқич асални йиғиб олиш ишлари якунланди. Янги ташкил этилган асаларичилик хўжаликлари тижорат банклари томонидан қўллаб-қувватланиб, ўз вақтида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Улар зарур жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Бундай жиҳозлар вилоятнинг ўзида тайёрланаётгани ишимизни енгил қилаётир. Аҳолининг ушбу шифобахш неъматга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш билан бирга, маҳсулотни экспортга йўналтиришни ҳам режалаштирганмиз.
Асалари боқиш ғоят машаққатли иш. У асаларичидан оғир меҳнат, тажриба ва соҳага оид чуқур билим талаб қилади. Бошқача айтганда, асалчи аридай меҳнаткаш ва сабр-тоқатли бўлиши керак.
– Шу иш билан шуғулланаётганимга 33 йилдан ошди, – дейди чироқчилик Абдураҳмон Бобоев. – Ҳозирги кунда 700 дан зиёд асалари оиласини парваришламоқдамиз. Ҳар бир асалари оиласидан йилига 20-25 килограмм асал оламиз, ўртача 15 тонна маҳсулотни бозорга чиқарамиз. Уч ўғлим ҳам касбимни давом эттирмоқда. Улар менинг кўмакчиларим. Асаларичиликда ялқовлик ярамайди. Тоғни-тоғ, чўлни-чўл демай, қийинчиликларга чидаб қанча узоқ масофага борилса, ҳосилдорлик ҳам шунча юқори бўлади. Масалан, биз март ойининг бошидан ҳатто Жиззах, Сирдарё вилоятларигача борамиз. Даромад ҳам шунга яраша бўлаяпти.
Хўжаликда наслчилик ишлари яхши йўлга қўйилган. Асалари оилалари кўпайишида наслчилик ишларининг мунтазам олиб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, ўтган йили хўжалик аъзолари 3 мингдан зиёд "Карпат" зотли ари етиштириб, бошқа хўжаликларга тарқатган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5 мингни ташкил этди.
Вилоят марказий давлат ўрмон хўжалигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда белгиланган дастурга асосан 520 аҳоли хонадонида 4-5 тадан асалари оиласи ташкил этиш мўлжалланган.
– Нефть-газ соҳасида ишлайман, – дейди косонлик Ойбек Боқиев. – Ёш оила сифатида ўтган йили туманимиздаги намунали лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирига эга бўлдик. Мўъжазгина ҳовлида нима қилиш мумкин экан, деб ўйлаб юрган кезларим қайнотам асаларичилик билан шуғулланишни таклиф қилди. Шу баҳона 10 оила асалари олдик. Атрофимизда дала, боғ, умуман, турли экинлар бисёр. Ҳар 5-10 кунда жойини ўзгартириб турдик. Йил охирида ҳисоблаб қарасак, ҳар оиладан 15-18 килограммдан асал олибмиз. Истеъмолдан ортганини бозорда сотдик. Яхшигина пул бўлди. Қизиқиш янада ортди. Шунинг учун бу йил асалари оилаларини бештага кўпайтирдик.
Буюк аждодимиз, тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино ўз асарларида асални инсон саломатлиги учун энг яхши шифо воситаси сифатида таърифлаган. Уни мунтазам истеъмол қилиш тананинг ташқи муҳит таъсирларига қарши курашиш қувватини оширади, касалликнинг енгил кечишига ёрдам беради.
Турмуш фаровонлиги ошишига монанд аҳолининг маҳсулотга бўлган талаби ва истеъмол маданияти ҳам юксалмоқда. Истеъмолчи талаби асосида иш юритган тадбиркор ютқазмайди. Асални чиройли, бежирим ва харидорбоп идишда қадоқлаш давр талабига айланди.
Вилоятда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Китоб туманидаги “Нектар кафолат” хусусий корхонаси табиий асални ёғоч идишларда қадоқлашни йўлга қўйган. Бунда асалнинг сифати узоқ вақтгача бузилмайди, харидоргирлиги ҳам юқори бўлади. “Косон ёғ-экстракция” акциядорлик жамияти ҳам корхонага қарашли асаларичилик хўжалигида етиштирилган асални истеъмолчиларга бежирим идишларда қадоқланган ҳолда етказиб бермоқда.
Вилоятда асаларичилик тармоғида эришилган ижобий натижалар билан бирга, айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Етиштирилаётган маҳсулотни сақлаш ва қадоқлаш учун махсус бино ажратилмаган. Экспортни ривожлантириш учун олинадиган кредит маблағига гаров таъминоти, асалари оилаларини мавсумда ҳудудларга жойлаштириш, соҳада ишлатиладиган асбоб-ускуналар танқислиги, кредит ажратиш билан боғлиқ масалалар йирик асал ишлаб чиқарувчилар учун муаммолигича қолмоқда.
Асаларичилик – сердаромад соҳа. Қашқадарё воҳаси ари боқиш, кўпайтириш ва маҳсулот етиштириш учун жуда қулай табиий шароитга эга. Бундай имкониятдан самарали фойдаланиш, асаларичиликни янада ривожлантириш аҳолини арзон ва шифобахш маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади.
- Бош меню
- Агентлик ҳақида
- Ҳужжатлар
- Ўзбекистон Республикаси Қонунлари
- Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (муҳокама)
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари
- Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари
- Бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар
- Кучини йўқотган ҳужжатлар
- Агентлик меъёрий ҳужжатлари
- Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари
- Ҳуқуқий саводхонлик
- Ахборот хизмати
- Пресс - релиз
- Эълонлар ва тендерлар
- Видеогалерея
- Фотогалерея
- Янгиликлар
- Нашрлар ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти маърузалари
- Конституция саҳифаси
- Таҳлилий маълумотлар
- Соҳага оид кўрсаткичлар
- Очиқ материаллар рўйҳати
- Чекланган маълумотлар рўйҳати
- Давлат дастурлари
- Бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ маълумотлар
- Ёшлар сиёсати
- Aхборотни тақдим этишга масъул бўлган мансабдор шахслар
- Ахборот материаллари рўйҳати
- Очиқ ҳайъат мажлиси Низоми
- Фаолият
- Хизматлар
- Электрон ҳукумат
- Боғланиш