Мамлакатимизда бошқа кўплаб соҳалар қатори газ таъминоти соҳасида тадбиркорликка кенг йўл очилмоқда. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор газ таъминоти тизимини самарали бошқаришни таъминлашга қаратилган. Шу асосда соҳани модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестициялар жалб этилади. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш чоралари кўрилади. 

– 2017 йил 1 июндан бошлаб соҳада хусусий операторлар фаолияти билан боғлиқ тажриба лойиҳаларини амалга оширишга киришилди, – дейди “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Улуғбек Ашуров. – Ҳозирги кунда пойтахтимизда хусусий операторга Бектемир туманининг «Бектемиртумангаз» эксплуатация хизмати объектларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Бундай тажриба Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг биттадан туманида амалга оширилади. 

Айтиб ўтиш керакки, хусусий операторлар табиий газ сотишни ишончли бошқарув шартномасига асосан олиб боради. Аммо улар мулкчилик шаклидан қатъий назар, ўтказиладиган очиқ танловларда ғолиб бўлиб, танлов талабларига жавоб берган ҳамда юридик мақомга эга бўлган ташкилотлар бўлиши керак. 

Эътиборли жиҳати, соҳада хусусий операторлар лицензия олмасдан, лицензия талаблари ва шартларини бажарган ҳолда фаолиятни амалга ошириши мумкин. Бу уларга яратилган қулайлик бўлиб, келгусида улар газ савдоси ҳажмининг 21 фоизидан кўп бўлмаган комиссия мукофотини олиши кўзда тутилгани яхши даромад манбаи ҳам бўлади. Аҳоли хонадонларидаги газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиш ва таъмирлаш, монтаж ишлари, газ тармоғига улаш ва ундан ажратиш каби хизматлар учун тўланадиган маблағлар хусусий оператор даромадининг бир қисми бўлиб, қўшимча маблағ ҳисобланади. 

Давлатимиз раҳбарининг қарори газ таъминотидаги узлуксизликни таъминлаш баробарида соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. 

Газ истеъмолчиларига шуни эслатиб ўтиш ўринлики, 2017 йил 1 июндан бошлаб етказиб берилган табиий газдан қарзи бўлиб, тармоқдан узиб қўйилган истеъмолчилардан газ таъминоти тармоқларига қайта уланиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида тўлов ундирилади. 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб табиий газни ҳисоблаш ускуналари бўлмаган маиший истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш табиий газга белгиланган тариф миқдорининг икки баробари қўлланилган ҳолда амалга оширилади. 

Истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Табиий газни ҳисоблаш ускуналари қийматини истеъмолчилар бир йил давомида тўлайди.