Ўзбекистон саноат корхоналари экспорт салоҳияти ошмоқда
«Ўзэкспомарказ»да қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ҳамда экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш комплексларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси якунланди.
Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини янада кенгайтириши ва ишлаб чиқаришни самарали ташкил этишида кенг имкониятларни очиб бермоқда. Соҳани янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётир.
Ярмаркада мамлакатимизда фаолият юритаётган тармоқ саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари ўз маҳсулотлари ва истиқболда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги лойиҳалари билан иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси иштирокчи саноат корхоналарига тижорат таклифларини тайёрлашда, уларни электрон савдо майдончаларида жойлаштиришда, хорижий ҳамкорлар топишда ҳамда экспорт шартномаларини тузишда яқиндан кўмак кўрсатди. Натижада жамғарма кўмагида тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этган корхоналар томонидан жами 35 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, мазкур жамғарма жорий йилнинг биринчи чорагида 627 тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишда ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатди. Амалга оширилган ишлар натижасида умумий қиймати 642 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди. Элликдан ортиқ тадбиркорлик субъектига Германия, Россия ва Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишда ёрдам кўрсатилди. Бу тадбирларда 117,8 миллион долларлик экспорт келишувлари имзоланди.
Тармоқлараро саноат ярмаркасида намойиш этилган маҳсулотларнинг экспортбоплиги, жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги, халқаро сифат стандартларига жавоб бериши мамлакатимиздаги саноат корхоналари юқори экспорт салоҳиятига эга эканидан далолатдир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, жамғарма ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 11-13 май кунлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиши кутилмоқда.
Кўргазмада мамлакатимизда фаолият юритаётган икки юзга яқин саноат корхонаси қатнашади. Унда Қозоғистон бозорига озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, кимё, фармацевтика ва машинасозлик саноати маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қатор ўзаро ҳамкорлик битимлари ва экспорт шартномалари имзоланиши режалаштирилган.