Давлатимиз раҳбари иқтисодий лойиҳалар билан танишди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги «Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 3.5 бандида белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятлар ва пойтахтимиз туманларига ташрифи чоғида бўш ётган ёки тўла қувват билан ишламаётган объектларда бўлиб, уларнинг негизида янги саноат корхоналари, кичик саноат зоналари ташкил қилиш чора-тадбирларини белгилаб бермоқда. Бу мавжуд бино ва қувватлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
«Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12 гектардан зиёд, бино ва иншоотлар майдони 4,5 гектар. Бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур инфратузилма, тайёр имконият мавжуд.
Президентимиз бу ердаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда ижарага бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида Яшнобод туманида амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва экспомарказ ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.