Юртга садоқат билан хизмат қилган инсон халқ қалбида мангу яшайди

Республикамизни жуда оғир ва мураккаб йилларда бошқарган, эл-юртимиз шаънига ҳам, ўз номига ҳам гард юқтирмай ўтган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов фаолиятини халқимиз тарихидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 март куни қабул қилинган “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини халқимиз катта қувонч билан кутиб олгани бежиз эмас. Бу қарорнинг аҳамияти ва қадрини, айниқса, ўша долғали кунларнинг гувоҳи бўлган катта авлод вакиллари жуда теран англайди. Уларнинг хотиралари, фикрлари ёшлар учун бебаҳо манбадир. 

Кўп йиллар Шароф Рашидов билан елкама-елка ишлаган Ўзбекистон фан арбоби, академик Оқил Салимов билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг суҳбати яқин тарих ҳақиқатлари, Шароф Рашидовнинг атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи сифатида эл-юртимиз олдидаги унутилмас хизматлари ва инсоний хислатлари ҳақида бўлди. 

Маматқул Ҳазратқулов: 

– Оқил Умрзоқович, тарих – ҳақиқат чироғи, тирик хотира. Собиқ мустабид тузум даврида халқимиз ҳаётида рўй берган синовлар бугунги авлодлар учун катта сабоқ бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. 

Халқимиз эл-юрт учун жон куйдириб ишлаган, шу улуғ йўлда умрини тиккан фарзандларини ҳамиша эъзозлаган. Мустақиллик арафасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан ҳақиқат қарор топгани – “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган тамғалар билан айбланиб, ноҳақ қамалган юзлаб инсонлар, жумладан, Шароф Рашидов номининг оқланиши бунинг яққол исботидир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилди. Бу ерда ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, у кишининг ҳайкали ўрнатилиши, Жиззах шаҳрида мемориал уй-музей ташкил этилиши режалаштирилди. Адибнинг “Сайланма” китоби, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” хотира китоби нашрга тайёрланмоқда. Ҳужжатли фильм яратиш, илмий конференция ўтказиш кўзда тутилган. 

Халқимизнинг оташқалб фарзанди таваллудининг қутлуғ санасига катта ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда бу улуғ сиймонинг шахсияти ва фаолиятида мужассам бўлган ноёб фазилат ва хислатларни яна бир бор ёдга олиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ўйлайман. Яқин ўтмишимиздаги мураккаб даврларда Шароф Рашидовнинг республикамизни қарийб чорак аср давомида бошқариши албатта осон бўлмаган. Бу тарих ҳақиқатларини бугун, айниқса, ёш авлодларга эслатиш-англатиш жуда муҳим аҳамиятга эга. 

Оқил Салимов: 

– Дарҳақиқат, тарихни билмай туриб, бугунги кунга баҳо бериб бўлмайди. Яхши биласиз, ўша даврларда ҳар қайси иттифоқдош республика раҳбари собиқ Марказ чизиғидан чиқмасдан фаолият олиб боришга мажбур эди. Шунга қарамай, Шароф Рашидович республикамиз, халқимиз равнақи учун ўзини аямасдан меҳнат қилди. Республикамиздаги жуда кўп иншоотлар, муҳим объектлар қурилиши айнан унинг номи билан бевосита боғлиқ эканини эл-юртимиз яхши билади. Энг муҳими, буларнинг барчаси нафақат ўша давр, балки келажакни ўйлаб, узоқни кўзлаб амалга оширилган. Бир мисол: ўша пайтларда Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларининг ўзлаштирилиши натижасида миллионлаб гектар қўриқ ерлар очилди, пахтазору буғдойзорлар, боғ-роғлар барпо қилинди. Бугунги кунда бу ҳудудлар халқимизнинг фаровон ва тўкин ҳаёти учун хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон каби ўнлаб шаҳарлар бунёд этилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг табиий бойликларини қайта ишлаш борасидаги йирик индустрияга ўша вақтлар пойдевор қўйилган, десак, хато бўлмайди. 

Шароф Рашидович улкан давлат арбоби, таниқли адиб бўлишига қарамасдан, ниҳоятда камтар, самимий, одамларга меҳрибон инсон эди. У юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, қурилиш майдонлари ва далаларда, саноат корхоналарида бўлиб, турли касб эгалари, оддий одамлар билан мулоқот қилишни хуш кўрарди. Шундай сафарлар чоғида эл-юрт ҳаёти учун муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича режалар ишлаб чиқиларди. 

У киши халқимизнинг оғир ва машаққатли меҳнат эвазига катта миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, пахта, пилла, қоракўл тери етказиб бераётганини чуқур англар, қўлидан келганча ана шу заҳматкаш одамларнинг оғирини енгил қилишга интилар эди. 

Халқимиз Шароф Рашидовнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг бугунги салоҳияти ва замонавий қиёфасини яратишда беқиёс хизматлари сингганини яхши билади ва юксак қадрлайди. 1966 йилги зилзила оқибатида вайрон бўлган турар-жойлар, маъмурий бинолар, корхоналарни тиклаш, бошпанасиз қолган ва яна узоқ ўлкалардан кўчиб келган одамларни уй-жой билан таъминлашнинг ўзи бўлмаган. Бугун пойтахтимиздаги метрополитен хизматидан фойдаланаётган, театрлару музейлар, санъат саройлари ё сайилгоҳларда бўлган ҳар бир инсон Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси олдида ҳурмат бажо этади. 

Дарвоқе, Тошкент метрополитени қурилишига собиқ Марказ дастлаб қарши чиққан. Ҳали зилзилани, ҳали ерости сувларини баҳона қилиб, бу лойиҳани амалга оширишга йўл бермаган. Шароф Рашидов метро Тошкент ҳаёти учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, энг билимдон ва тажрибали мутахассислар иштирокида таҳлилий маълумотлар тайёрлатиб, пойтахтимизда метрополитен қуришга барча асос борлигини исботлаб берган эди. 

Истиқлол йилларида Тошкент метросининг йўналишлари кенгайди. Бугун ҳам унинг янги йўналишлари бўйлаб қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сергели йўналишида 7,1 километрлик ер усти метроси қурилмоқда. 

М.Ҳазратқулов: 

– Шароф Рашидов феномени ҳақида гап кетганда, у кишининг жуда мулоҳазали, донишманд, дили ҳам, тили ҳам пок, меҳрибон, юмшоқ кўнгилли инсон бўлганини эслаймиз. 

О.Салимов: 

– Чиндан ҳам, Шароф Рашидович том маънода зиёли инсон эди. Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, деган қоидага ўзи ҳам амал қиларди, бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Ундаги бир сўзлилик, қатьият, матонат, ҳар қандай оғир муаммони оқилона ҳал қила олиш фазилатларига жуда кўп гувоҳ бўлганман. Яна бир фазилати – ҳамиша далил ва исботлар билан гапирарди. 

Собиқ Иттифоқ миқёсидаги кўзга кўринган сиёсий арбоблардан бири сифатида Шароф Рашидовнинг ташқи сиёсатдаги фаолиятини, афсуски, кўпчилик яхши билмайди. Масалан, 1966 йили Тошкентда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарони тўхтатиш бўйича қабул қилинган тарихий битимга эришишда Шароф Рашидовичнинг ҳам муносиб ҳиссаси бўлган. 

У АҚШ ва СССР ўртасида ядро урушига олиб келишига бир баҳя қолган «Кариб танглиги» муаммосини бартараф этишда, Куба раҳбарлари билан музокаралар олиб боришда фаол қатнашган эди. Кўплаб мамлакатларга сафарларда СССР делегацияларига раҳбарлик қилган эди. Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 

М.Ҳазратқулов: 

– Шароф Рашидов дунёдан кўз юмганида, аввало, ўзи умр бўйи ҳимоя қилган, содиқ бўлиб хизмат қилган тузум унга хиёнат қилди, хотирасини таҳқирлаб, қабрини кўчирди. Оила аъзолари ва қариндош-уруғларини таъқиб этди. “Рашидовчилик” деган бўҳтонни ўйлаб топиб, юзлаб бегуноҳ одамларни қатағон қилди. 

Бу ҳақда гапирганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда, “яқин тарихимизда кечган ана шундай аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт”, деган сўзларини эслаш ўринлидир. 

Давлатимиз раҳбарининг: “Ўйлаб қоласан киши, дунёда шунақаям адолатсизлик бўладими?! Инсон тирик пайтида уни кўкларга кўтариб, вафотидан кейин ер билан яксон этса, қадрини беобрў қилса, бу ўзи қандай давлат, қандай жамият бўлди? Лекин, тарих гувоҳ, ҳаётда шундай адолатсизликлар ҳам бўлар экан. Агар ҳар бир халқ, ҳар бир давлат мустақил бўлмаса, бошқалар унинг нафақат деҳқонини, нафақат ишчисини, ҳаттоки шоиру олимини ҳам, давлат арбобини ҳам истаганча таҳқирлаши, инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан”, деган фикрлари онгли яшайдиган ҳар қайси инсонни чуқур ўйга толдириши табиийдир. 

О.Салимов: 

– Ҳа, афсуски, бу тарихимиздаги энг катта хатолардан бўлди. Бунинг учун ўша вақтда мансабни деб, ўз манфаати ва обрўсини ўйлаб, ор-номусини, эл-юртини сотган бир гуруҳ кимсалардан бошқа ҳеч ким айбдор эмас. 

Халқимиз ўша оғир вақтларда ҳам Шароф Рашидов эл-юрт равнақи учун бутун умрини бағишлаганини яхши англарди. Халқимиз бор ҳақиқатни яхши билади, ҳеч нарсани унутгани йўқ. Шу боис, кўп ўтмай адолат қарор топди. Шароф Рашидовга нисбатан нонкўрлик, мунофиқлик ва хоинлик қилганларни ҳаётнинг ўзи жазолади. Энг муҳими, бугун халқимиз уларнинг номини деярли эсламайди. Аслида уларга энг ҳақли, энг оғир жазо шу. 

Ўша вақтлар Шароф Рашидовга қўйилган “айб”ларда ҳам у инсоннинг халқимизга, маънавиятимизга, тарихимиз ва қадриятларимизга нақадар содиқ бўлгани кўриниб туради. Хусусан, ўша сотқинлик бошида туриб, эл-юртимиз нафратига учраган кимсалардан бири матбуотдаги интервьюсида шундай деган: “Рашидовнинг миллатчилик туйғусидан келиб чиқиб, Темур каби қонхўр босқинчиларни улуғлаштиргани айниқса менга ёқмас эди”. 

Орадан кўп ўтмай, ким ҳақ эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди-ку! Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотларини улуғ аждодларимиз, хусусан, Амир Темур бобомизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қурди. Соҳибқирон бошқа саркардалардан фарқли равишда бунёдкор шахс бўлгани, қайси жойдан бир ғишт олса, ўрнига ўн ғишт қўйдиргани, бир дарахт кестирса, ўрнига ўн кўчат эктирганини, буюк Темурнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини дунёга яққол исботлаб берди. 

Ислом Абдуғаниевич ана шундай улуғ сиймоларимиз қаторида Шароф Рашидовнинг ҳам порлоқ хотирасини тиклади. 1992 йил ноябрь ойида Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Биринчи Президентимиз, “Дақиқани абадиятдан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмаганидек, Шароф Рашидовнинг ҳаётини ҳам ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди», дея таъкидлаганларида ниҳоятда ҳақ эди. 

М.Ҳазратқулов: 

– Шу ўринда бир суҳбатимизда айтиб берганингиз – Шароф Рашидов Имом Термизий қабрини тез-тез хуфиёна зиёрат қилиб тургани, бу масканни обод қилиш йўлларини излагани ёдимга келмоқда. Бу тарих ҳақиқатларидан бугунги ёшларни ҳам хабардор қилиш фойдадан холи бўлмайди. 

Мана, Шароф Рашидов орзу қилган кунларга етдик: Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан улуғ алломаларимизнинг муборак номлари тикланди, халқимиз уларнинг бебаҳо меросидан баҳраманд бўлмоқда. Хусусан, 1990 йили мамлакатимизда Абу Исо Муҳаммад Термизий (Имом Термизий) таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланган бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 февралдаги қарори билан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганишга киришилди. 

Бугун мазкур зиёратгоҳда кенг қамровли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, замонавий ёдгорлик мажмуаси барпо этилаётир. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилади. 

О.Салимов: 

– Жуда тўғри айтдингиз. Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳақидаги қарорини ўқиб, тўлқинланиб кетдим. 

Шароф Рашидович бу кунларни чин дилдан орзу қилган, десак, хато бўлмайди. У киши қачон Сурхондарёга борса, тонг-саҳарда Имом Термизий қабрини зиёрат қиларди. 

Ўша зиёратларнинг бирида мени секин четга тортиб, бир гапни айтди: “Шундай улуғ алломамизнинг мангу оромгоҳи, қаранг, қандай хароб аҳволда... Бу жойни обод қилишимиз керак, фақат бу ташаббус маҳаллий аҳолидан чиққани маъқул”. Ҳеч нимага тушунмадим. Сўнг у киши айтдики, “Шу ерлик одамлардан Марказга, республика раҳбарияти ушбу тарихий масканга эътибор бермаяпти, деган мазмунда шикоят уюштирсангиз”. Хаёлимга дарҳол “мени синаяптими”, деган ўй келди ва кескин жавоб қилдим: “Кечирасиз, Шароф Рашидович, мен бундай қила олмайман”. Кўнглимдаги фикрни сезди ва оҳиста жилмайди: “Сизнинг садоқатингизга заррача ҳам шубҳам йўқ, лекин шундай қилмасак бўлмайди”. Орадан кўп ўтмай Марказдан бир катта раҳбар Шароф Рашидовга қўнғироқ қилди: “Қанақа раҳбарсиз, ўртоқ Рашидов, Сурхондарёда қандайдир бир олимнинг қабри хароб бўлиб ётганидан аҳоли норози: бизга кетма-кет шикоят ёзмоқда. Шу қабрга сал қараб қўйсангиз бўлмайдими?”. 

Шу тариқа Имом Термизий зиёратгоҳи бироз тартибга келтирилди. Дарахтлар, гуллар экилди. Лекин, қанча хоҳламайлик, бундан ортиғи хавфли эди. Шароф Рашидович шундан ҳам анча таскин топиб юрди. 

М.Ҳазратқулов: 

– Шароф Рашидов ҳамиша миллий қадриятларимизга содиқ бўлган. Наврўз байрамини қадрлагани ҳам бунга далил. 

Адабиётимиз ривожи, ижодкорлар учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги хизматлари туфайли юзлаб ёш шоир ва ёзувчилар, рассом ва композиторлар юзага чиққан. Шароф Рашидов атоқли ёзувчи бўлиш билан бирга, ижодкорларнинг ғамхўри, ҳомийси ва ҳимоячиси бўлганини ҳам яхши биламиз. 

О.Салимов: 

– Чиндан ҳам, бу инсон миллий қадриятларимизга ҳамиша содиқ бўлган. Халқимиз тарихини асраш, улуғлаш Шароф Рашидовнинг эзгу орзуси бўлган эди. Бу йўлда у кўп ишлар қилган. 

Дейлик, нима учун Тошкентда “Алгоритм” заводи қурилган? Бу корхонага Ал-Хоразмий номи берилганига эътибор беринг. Нима, бу завод учун бошқа ном йўқмиди?.. 

Нима учун ўша вақтларда қадрият ва урф-одатларимиз билан ҳукмрон тузум мафкураси ўртасида кўп боғлиқлик изланган? Чунки шундай қилмаса, тоталитар мафкура тазйиқи билан қадриятларимиз йўқолиб кетиши мумкин эди. 

Мана, Наврўзни эслаяпсиз. Жиззахда Наврўзбулоқ деган жой бор. Бу номни Шароф Рашидовичнинг ўзлари қўйдирган эди. Маҳаллий аҳоли қадимий байрамимизни ўша жойда нишонлар эди. У кишининг таклифи ва далдаси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров “Наврўз” романини ёзган эди. 

Шароф аканинг вафотидан сўнг миллий қадриятларимизни йўқотишга кескин ҳаракатлар бошланди. Наврўз тақиқланди. Унинг ўрнига сохта байрам – “Навбаҳор” жорий қилинди. Бироқ халқимиз бундай сохта байрамни қабул қилмади. 

Шароф Рашидов қанчалик муҳим давлат ишлари, мана шундай сиёсий можаролар билан банд бўлмасин, Худо берган истеъдоди, сўз санъатига бўлган чексиз меҳри туфайли ижод оламини ҳеч қачон тарк этмади. Кўплаб роман ва қиссалар, шеърий асарлар, публицистик мақолалар яратди. 

Айниқса, адибнинг “Кашмир қўшиғи” асари ўзбек адабиётида ўзига хос воқеа бўлганини кўпчилик ижодкор зиёлилар эътироф этади. Энг муҳими, бу асарда ёзувчининг дилидаги пинҳоний армони – озодликка интилиш ғоялари бадиий сатрларда ўз аксини топганини зукко китобхонлар яхши англайди. Адиб воқеаларни Ҳинд юртига кўчирган. Сабаби эса аён... 

Шароф Рашидович маданият ва санъат аҳлига жуда катта эътибор билан қарар, ижодкор зиёлиларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга интиларди. Албатта, ўша даврда замон мафкураси таъсирида ёки ғоявий буюртмалар асосида ёзилган асарлар ҳам бўлган. Лекин, шулар билан бир қаторда, миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олган кўплаб асарлар ҳам яратилгани айни ҳақиқат. 

У киши ёш ижодкорларни ҳамиша қўллаб-қувватлар эди. Масалан, кейинчалик ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари бўлиб етишган Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов сингари истеъдодли шоирларни кўп бор ҳимоя қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. Шароф Рашидов уларнинг асарларини рус тилига таржима қилдириб, Москвада нашр эттиришга бош-қош бўлди. Уларнинг бошида қора булутлар айланиб қолганда, Эркин Воҳидовни Гётенинг “Фауст”, Абдулла Ориповни Дантенинг “Илоҳий комедия” асарларини таржима қилишга даъват этганларини яхши эслайман. Шароф Рашидовичнинг бу оқилона тадбири туфайли ҳам ёш шоирлар бало-қазолардан сақланиб қолган, ҳам ўзбек адабиёти икки шоҳ асар таржимаси билан бойиган эди. 

...Орадан йиллар, асрлар ўтади. Шароф Рашидовнинг Ўзбекистонимиз, халқимиз учун қилган фидойи хизматларини, ҳалол ва покиза номини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди. Яқин ўтмишимиздаги жуда мураккаб, оғир ва таҳликали йилларда юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, тақдир синовларидан муносиб ўтиб, ўз вазифасини шараф билан адо этган Шароф Рашидов қисмати барчамизни мустақилликнинг қадрига етишга, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.