Эл ишончини қозониш, халқимизни рози қилиш асосий бурчимиздир
Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни модернизация қилиш, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларни такомиллаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар янги босқичда давом этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида бу борадаги энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Фармонда тиббиёт тизимини такомиллаштиришнинг ҳам муҳим йўналишлари ўз ифодасини топган. Давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан учрашувларда, видеоселектор йиғилишларида, ҳудудларга уюштирган сафарлари мобайнида ҳам бу масалаларга доимий эътибор қаратиб, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишида тиббий хизмат сифатини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқда. Зеро, инсон учун ўзининг ва яқинларининг саломатлигидан ортиқ бойлик йўқ.
Мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган. Тиббиёт тизимида қабул қилинаётган дастур ва лойиҳалар ушбу вазифаларнинг ижроси йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам ана шундай муҳим ҳужжатлардан биридир.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда аҳолига онкология хизмати кўрсатиш соҳасида ўзига хос инфратузилма яратилган. Шифо муассасаларимизда хавфли ўсмаларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усуллари жорий этилган. Бу касалликнинг илк босқичларида беморларни икки баробар кўп аниқлаш имконини бераётир. Шунинг билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина.
Қарорда онкология хизматини тубдан такомиллаштириш, хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича халқаро стандартлар даражасидаги ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдамга бўлган талабни қондириш, онкология соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, кадрларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланди. Айни пайтда бу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.
Қарорга мувофиқ шифо муассасамиз Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилди. Ҳозирги кунда марказимизда ўндан зиёд бўлим ва замонавий диагностика воситалари билан жиҳозланган маслаҳат ташхис поликлиникаси аҳолига хизмат кўрсатаётир.
Олимларимиз ва шифокорлар томонидан амалга оширилаётган саратонни барвақт аниқлаш ва самарали даволашга йўналтирилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларига бағишлаб олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида сут бези, меъда, йўғон ичак, қовуқ саратонини жарроҳлик йўли билан даволашда самарали натижаларга эришилмоқда.
Бундай янги технологияларни ҳудудлардаги муассасалар амалиётига жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили шу мақсадда жойлардаги онкология диспансерларида элликка яқин маҳорат дарслари ташкил этилди. Вилоятлардаги диспансерлар марказимизнинг филиалига айлантирилгани бундай ҳамкорлик ишларини янада кенгайтириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, аҳолининг ўзига яқин ҳудудда юқори малакали, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтиришда муҳим омил бўлди.
Тиббиёт узлуксиз янгиланаётган соҳадир. Илм-фан ва технологиялар кундан-кунга юксалиши туфайли соҳага янги-янги услуб ва воситалар кириб келмоқда. Олимларимиз улардан оқилона фойдаланиш баробарида онкология ривожига муносиб улуш қўшмоқда. Марказимизда айни пайтда ўнга яқин давлат гранти бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Олимлар ва ёш тадқиқотчиларнинг изланишлари натижасида маҳаллий хомашёдан хавфли ўсмаларни даволашда юқори самарадорликка эга препаратлар клиник синовлардан муваффақиятли ўтди. Тиббиёт муассасамиз ҳузурида экспериментал онкология марказининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад бундай изланишларни янада ривожлантиришдир.
Яна бир янгилик марказимиз ҳузурида Саратон профилактикаси маркази ташкил этилишидир. Хавфли ўсма касалликларининг келиб чиқишига туртки бўладиган асосий сабаблар ҳалигача фанга маълум эмас. Дунё олимлари бу муаммонинг ечимини топиш, саратонга ген, молекуляр-биологик даражада ташхис қўйиш услубларини яратиш устида изланмоқда. Саратон профилактикаси маркази фаолиятининг асосий йўналиши ҳам касалликнинг эпидемиологияси ва хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр механизми соҳасида илмий тадқиқот олиб боришдир.
Бу чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда дунёдаги ўндан кўпроқ мамлакатлардаги онкология соҳасига ихтисослашган илм-фан муассасалари ва клиникалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда Россия онкология илмий маркази билан илм-фан ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича меморандум имзоланди. Куни-кеча бир гуруҳ олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан бирга Ҳиндистон сафаридан қайтдик. Албатта, бундай ташрифлардан мақсад илмий-амалий лойиҳаларни янада кенгайтириш, онкология соҳасидаги илғор тажрибаларни ўзлаштиришдир.
Ҳозирги кунда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам онкологик касалликлардан ўлим кўрсаткичи юрак-қон томир касалликларидан кейин иккинчи ўринда туради. Бунинг сабаби хасталикнинг кечикиб аниқланишидир. Шу боис бу муаммога қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш доимий эътиборда.
Бугунги кунда бутун дунёда бу борада скрининг дастурлари орқали саратон олди касалликларини аниқлаш ва хавфли ўсмаларнинг олдини олишда катта ютуқларга эришилмоқда. Масалан, Европа мамлакатларида аёлларнинг репродуктив аъзоларида учрайдиган саратон олди касалликларининг олдини олиш мақсадида диагностика ишлари юқори самара бермоқда. Японияда ошқозон ва ичак саратонининг олдини олиш бўйича скрининг дастурлари туфайли ўзига хос натижаларга эришилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам бундай ишлар йўлга қўйилган. Аёллар репродуктив аъзолари саратонини аниқлаш бўйича скрининг дастурлари туфайли кўплаб аёллар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда. Қарорда бундай лойиҳаларни кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар белгиланган. Фарғона вилоятида қизилўнгач, меъда ва колоректал аъзолар саратонининг олдини олиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Скрининг тадбирларини кучайтириш мақсадида вилоятлардаги онкология диспансерлари фаолиятида хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишнинг молекуляр-биологик, генетик, эндоскопик ва нур усуллари жорий этилади.
Онкология муассасалари саратон касалликларини даволашда қўлланиладиган эндоскопик ва радиотерапевтик аппаратлар билан таъминланади. Жумладан, «Да Винчи» роботлаштирилган жарроҳлик комплекси ва гамма тиғ сингари ноёб ускуналар етказиб берилади.
Қарорда паллиатив ёрдам хизматини йўлга қўйиш ва хоспислар ташкил этиш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Айтиш керакки, бугунги кунгача мамлакатимизда саратонга чалинган беморларга касалликнинг охирги босқичларида уй шароитида туман онкологлари ва бошқа маҳаллий шифокорлар томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Вилоят онкология диспансерларида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар ташкил этилиши, минтақалараро хоспислар очилиши беморларнинг ҳаёт сифати яхшиланишида принципиал жиҳатдан муҳим ёндашув бўлди.
Умуман олганда, 2017-2021 йилларда аҳолига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга давлат бюджетидан 32,5 миллиард сўм, халқаро молия институтларининг 144,1 миллион долларлик кредитлари ва грантлари йўналтирилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида онкология муассасаларининг дори-дармон билан таъминланиши 33 фоиздан 90 фоизга етади, профилактика, диагностика, даволаш ишлари кенгаяди.
Албатта, бу борада кўзланган юксак натижаларга эришиш учун биз, тиббиёт ходимлари зиммамизга юкланган вазифаларни виждонан, ҳалол бажаришимиз, фидойиликни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантиришимиз лозим. Шунда халқимизни тиббий хизматдан рози қилишга эришамиз.