Коррупцияга қарши курашиш – барчанинг иши
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масалалари" мавзуида анжуман ўтказилди.
Жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси прокурори К.Мусашайхов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу йўналишда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, уни инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини йўлга қўйиш, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларини ушбу жараёнга кенг жалб этишга оид ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий адолат тамойиллари асосида иш кўриш, қонун устуворлигини таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада профилактика чораларини тобора кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этиш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилангани, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилаётгани соҳага доир чора-тадбирларнинг ёрқин намунасидир.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни кучга кирди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралда қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида мазкур йўналишда 2017-2018 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Бу борада давлат дастурлари ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи орган ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мазкур комиссия фаолиятида устувор ўрин эгаллайди.
Очиқ мулоқот, баҳс-мунозара тарзида ўтган анжуманда коррупцияга оид миллий қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, журналистик суриштирув ўтказиш ва ушбу мавзуни таҳлилий ёритиш бўйича билим ва касб кўникмаларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.