Очиқ ва холис мулоқот
Пойтахтимизда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ёритишда таҳлилий ва танқидий ёндашувлар – очиқ, адолатли ва инклюзив жамият қуришда ҳал этувчи омил" мавзуида медиа-тадбир ўтказилди.
Медиа-тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, дипломатик корпус вакиллари, медиа соҳада меҳнат қилаётган ижодкорлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Ортиқова, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининиг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдуҳолиқов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат ва бошқалар Ўзбекистонда миллий медиа соҳа равнақи учун зарур барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун самарали қонунчилик базаси шакллантирилмоқда. Айни пайтда нодавлат медиа тузилмаларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш, улардаги техник ва ижодий ходимлар меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, касб малакаси ва маҳоратини юксалтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд оммавий ахборот воситаларининг салмоқли қисмини нодавлат медиа тузилмалар ташкил этади. Янги телерадиоканалларнинг ташкил этилаётгани аҳолига ранг-баранг, янада мазмунли, ўзига хос ижодий ёндашув асосидаги кўрсатувларни тақдим этиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси таркибидаги медиа тузилмаларнинг ходимлари журналистларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, соҳа ходимларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига оид турли лойиҳалар, семинарлар, конференциялар, маҳорат сабоқларида фаол қатнашиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз медиатузилмалари фаолияти сифатини такомиллаштиришга катта ижобий таъсир ўтказди. Ватанимиз тараққиётининг турли жабҳаларига оид долзарб ижтимоий масалалар ечимини қамраб олган ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини юртдошларимизга етказиш, одамларни ўйлантираётган, жамият равнақига тўсиқ бўлаётган масалаларнинг илдизига чуқур кириб бориш, халқимиз билан самимий, яқин, янада ошкора мулоқот ўрнатиш оммавий ахборот воситалари ходимларидан катта масъулият, ижодий изланиш, теран танқидий-таҳлилий ёндашувни талаб этмоқда. Журналистлар аҳоли ва давлат бошқаруви органлари ўртасидаги очиқ, ошкора мулоқотни янада кенгроқ йўлга қўйиш ва мунтазам ёритиб боришда муҳим кўприк вазифасини ўташи шубҳасиз.
Медиа-анжуманда бугунги шиддатли ислоҳотларни, давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини ёритишда журналистларнинг ролини кучайтириш, танқидий-таҳлилий медиа-материаллар тайёрлашда илғор ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш каби масалалар бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти, унда белгиланган вазифалар ижросини фаол ёритаётган ижодий жамоалар, журналистларга сертификатлар топширилди.