2017 йил 24 апрель куни Алоқа тарихи музейида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш: «электрон парламент» тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида мутахассис ва экспертлар иштирокида парламентаризмни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ҳисобига вакиллик органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини янада ошириш йўлларини муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари депутатлик корпусининг фаолияти мамлакатимизда демократияни таъминлаш, ижро хокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан назорат механизмларини амалга ошириш ва чинакам Халқ ҳокимиятчилиги механизмларини амалга ошириш билан чамбачас боғлиқлигини, бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ушбу фаолиятнинг самарадорлиги ва имкониятларини янада оширишда муҳим омил бўлишини қайд этишди.
Муҳокамаларда миллий парламент ахборот тизимларининг жорий ҳолати, парламент фаолиятининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва бошқа шаклларини амалга ошириш жараёнларида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш амалиёти тўғрисида ахборотлар берилди. Парламент палаталари расмий веб-сайтларининг техник ва хизмат кўрсатиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилиниб, сайловчилар билан самарали мулоқот ўрнатиш мақсадида уларни модернизация қилиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Давра суҳбати иштирокчилари халқаро тажриба таҳлиллари асосида, «электрон парламент» Комплекс дастури лойиҳасининг муҳим йўналишлари бўйича, жумладан вакиллик хокимияти органлари корпоратив маълумотлар узатиш тармоғини, фойдаланилаётган электрон ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш ҳамда парламент маълумотлар базаларини, электрон кутубхоналарини ва бошқа ахборот ресурсларини шакллантириш юзасидан бир қатор таклифлар билдиришди.
Ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан келиб тушаётган экспертлик таклифларини инобатга олган ҳолда «электрон парламент» Комплекс дастури лойиҳасининг якуний таҳририни тайёрлаш мақсадида ишлар давом эттирилади.