Туризм салоҳиятини ошириш истиқболлари
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда туристик фаолиятда ахборот таъминоти самарадорлигини оширишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Парламент қуйи палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларидан унумли фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакат туризм саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг тез ўсишини таъминлашда унинг ролини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, дунё бозорида миллий туристик маҳсулот салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи барча шароитлар яратилмоқда. Мазкур фаолият миллий туризм соҳасини ахборот билан таъминлаш, туристик операторлар учун замонавий ахборот технологиялари ечимлари ва компьютер дастурларини ишлаб чиқиш, ахборот бозори субъектларига уйғунлашган ҳолда ишлаш, халқаро миқёсда мамлакатимиз нуфузини ошириш бўйича оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот ишларини олиб боришни тақозо этади.
– Туризм фаолиятини жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳририни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарафиддинов. – Бу борада амалдаги қонунчиликка туризм фаолиятини ахборот билан таъминлашга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Давра суҳбатида туризм фаолиятини ахборот билан таъминлаш жараёнини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.