Томорқа – даромад манбаи
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Навоий вилоятида ҳам ана шундай эътибор самарасида томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз кўп. Хусусан, Хатирчи туманидаги Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи 70 ёшли Аҳмад бобо Ҳамидов ана шулардан бири. У тўрт сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, минг туп помидор парваришламоқда. Бобо томорқасида етиштирилган сара маҳсулотларни тез кунларда бозорга олиб чиқади.
– Эски бедазор ўрнида яхши ният билан иссиқхона барпо этдик, – дейди бобо. – Ҳосилдорлик яхши. Келгусида иссиқхона майдонини янада кенгайтириб лимон, бодринг етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Туманда томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошмоқда. Айниқса, Боғчакалон, Кўксарой, Икром Карвон номидаги маҳаллалар аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган.
– Томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир, – дейди "Кўксарой" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Мустафоев. – Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари ўз самарасини бераётир. Маҳалламиздаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё.
“Боғчакалон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мамаражаб Ҳошимов ҳам ишбилармон миришкорлардан. 3,5 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонада 800 тупдан ортиқ помидор кўчати парваришланмоқда. Январнинг йигирмасида ўтқазилган ниҳоллар айни пайтда ҳосилга кирган. Хонадон соҳиблари ҳам бедазор ўрнида саримсоқпиёз, пиёз, картошка каби сабзавотлар етиштирмоқда. Мамаражаб ака маҳсулотларни бозорга чиқариш ҳаракатида.
Маҳалладаги Дилмурод Маликов 2,5 сотихли иссиқхонада булғор қалампири экди. Бу сабзавот совуққа чидамлилиги, харидоргирлигини яхши билган Дилмурод ака тажрибаларни амалда синаб кўрмоқда.
Тадбиркор деҳқон фақат иссиқхона билан чекланиб қолмасдан, хонадонида қуёнчиликни ҳам йўлга қўйган. Товуқ, курка кўпайтириб, оиланинг тухум ва парранда гўштига бўлган эҳтиёжини қондиришдан ташқари, бозорга чиқариб яхшигина даромад олмоқда. 2,5 сотихли боғда олма, шафтоли, ўрик, гилос кўчатлари ҳам баравж ўсмоқда.
– Коллежни битириб имтиёзли кредит асосида иссиқхона ташкил қилдим, – дейди Икром Карвон номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Мақсуд Исомиддинов. – 2 сотихли иссиқхонада бодринг етиштирмоқдамиз. Иссиқхона атрофидаги бўш турган ерларга сабзи, нўхат, помидор, картошка каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экканмиз.
Хатирчилик миришкорлар лимон етиштириш бўйича ҳам яхшигина тажриба тўпламоқда. Кўксарой маҳалласида яшовчи Узоқ Бозоров 2 сотих майдонда лимонарий ташкил қилиб, 30 тупдан ортиқ лимон кўчатидан мўл ҳосил олмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараларидир.