Тараққиётга хизмат қилувчи ихтиролар
Тошкентда энг яхши интеллектуал мулк объекти – “Yangi intellekt” танловининг жорий йилги ғолибларини мукофотлаш маросимига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда агентлик масъуллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, олимлар, тадқиқотчилар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори А.Файзуллаев ва бошқалар мамлакатимизда илмий-техник ижодкорликни рағбатлантириш, инновация фаолиятини ривожлантириш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ихтирочи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Бу борада Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда интеллектуал мулкнинг бошқа объектларини ҳимоя қилиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, соҳада халқаро миқёсда Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 20 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
“Yangi intellekt – 2017” танлови энг яхши интеллектуал мулк объектини аниқлаш мақсадига йўналтирилган. Мазкур танлов мамлакатимизнинг бу борадаги ютуқлари, имкониятларини кенг намойиш этиш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, янги технологиялар, товарлар ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқишни янада фаоллаштириш, соҳага инвестиция жалб этиш, экспортга мўлжалланган истиқболли лойиҳаларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги уч йилда ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари учун патент олган жисмоний ҳамда юридик шахслар, шунингдек, миллий дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилардан 172 ариза танлов комиссиясига тақдим этилди.
Танловнинг "Энг яхши ихтиро" номинацияси бўйича биринчи ўринга Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессорлари Раҳмат Азимов ва Юрий Шипулин яратган "Суюқлик ва газлар оқими параметрларининг иссиқлик ўзгартиргичи" ихтироси муносиб топилди.
– Тақдим этилган мазкур ихтиро ўлчаш техникаси соҳасига тааллуқли бўлиб, суюқлик ёки газлар параметрларини юқори сезгирлик ва ишончлилик билан ўлчаш имконини беради, – дейди университетнинг интеллектуал мулк бўлими бошлиғи, доцент Асатулла Турғунбоев. – Ушбу ихтиро асосида яратилган автоматик кўп функцияли титрометр "Сувсоз" давлат унитар корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган. Ихтиро ичимлик сувининг кимёвий таркибини аниқ механизмларда ўлчаш, оқова сувлар таҳлили вақтини қисқартириш, электр энергияни тежаш ҳисобига мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига хизмат қилади.
– Мен танловда “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” номинацияси бўйича иккинчи ўринга сазовор бўлдим, – дейди ёш олим Ҳакимбой Йўлдошев. – Таклиф этган янги дастурим болаларга инглиз тилини чуқур ўргатиш, уларнинг сўз бойлигини ошириш, грамматика қоидаларини тушунтиришга хизмат қилади. Дастур интерактив ўйин сифатида яратилган бўлиб, у инглиз тилида энг оммабоп бўлган 2500 дан ортиқ сўзларни ёд олдиришга мўлжалланган. Ўқувчи инглиз тилини ўрганиш билан бирга ақлни чархловчи, интеллектуал салоҳиятни оширувчи ўйинлардан ҳам баҳраманд бўлади.
Танловда “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси” ва “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” йўналишларида ғолиблар аниқланди.