Хизмат самарадорлиги ошади
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга бағишланган иккита катта йиғилиш ўтказилди, бир неча қарор қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги кунда дунё миқёсида кўпайиб бораётган онкологик касалликларнинг олдини олиш ва унинг самарали профилактикасини йўлга қўйиш ҳамда хасталикларни замонавий усуллар ёрдамида даволашнинг янги босқичини бошлаб берди.
Қарорга кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, жойлардаги онкология диспансерлари ушбу марказ филиалларига айлантирилади. Илмий-амалий тиббиёт маркази негизида хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишни яхшилаш ва ўсмага қарши импортнинг ўрнини босадиган маҳаллий препаратлар ишлаб чиқиш мақсадида Саратон профилактикаси ва Экспериментал онкология марказлари ташкил этилади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, энди онкологик касалликларнинг олдини олиш ва унинг профилактикасига энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилади. Бу борада шу пайтгача ҳам аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар, тиббий кўрик ва акциялар ўтказиб келинаётган эди. Шу кунларда ходимларимиз пойтахтдан келган мутахассислар билан бирга Каттақўрғон шаҳрида кўкрак бези саратони касаллигининг олдини олишга қаратилган акцияда иштирок этмоқда. Энди бу ишлар кўлами янада кенгаяди. Марказ филиалларига замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар бериш, қўшимча штатлар ажратиш, ходимлар малакасини ошириш, туман, шаҳарларда врач-цитологлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Филиалларга замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган мобиль машиналар берилади. Улар ёрдамида жойларда тиббий кўриклар ташкил этиб, саратон касалликларининг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, даво муолажаларини ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, юртимизнинг тўрт ҳудуди, хусусан, Самарқанд шаҳрида 50 ўринли минтақалараро хоспис ташкил этилади.
Сир эмас, ҳозирга қадар кўплаб юртдошларимиз онкологик хасталикларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш, айрим даво муолажаларини олиш учун чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда. Қарорга кўра, тиббий муассасаларимизнинг эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш бўйича энг янги аппаратлар билан жиҳозланиши, “Да Винчи” роботлаштирилган жарроҳлик комплекси ва гамма тиғ сингари ноёб ускуналар келтирилиши беморларни бу ташвишлардан халос этади.
Республика инвестиция дастури асосида 2013 йилда диспансер бинолари 2,5 миллиард сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланган эди. 175 ўринли бўлимлар ва 100 қатновга мўлжалланган поликлиникада беморлар учун зарур шароитлар яратилган. Қарор талабларидан келиб чиқиб, жорий йилда яна 2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан таъмирлаш-реконструкция ишлари амалга оширилади. Бўлимлар ва поликлиникада қўшимча қулайликлар, янги даво муолажаларини қўллаш учун имкониятлар яратилади.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг ушбу қарори онкология хизматини янада ривожлантириш ва сифатини ошириш, халқимизга бу борада замонавий тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.