Ҳудуд иқтисодий юксалишида янги босқич
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотни юксалтириш баробарида аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг даромадлари манбаи, халқимиз фаровонлигининг муҳим омилига айланди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш ва экспорт фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ҳамда фармацевтика, электротехника (кабель маҳсулотларидан ташқари), қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар мол-мулк, ер солиғи, инфратузилмани ривожлантириш солиғи, Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилган.
Хоразм вилоятида 2017 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 11 минг 156 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган 700 мингдан ортиқ аҳолининг 82,3 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Вилоятда озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа йўналишларда 19 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 2016 йили 1 триллион 416,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу йирик корхоналарда 11 мингдан ортиқ аҳоли меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан 5 миллион долларга яқин қийматдаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, экспорт қилинган жами маҳсулотларнинг 315 минг тоннаси темир йўл транспорти орқали ташилган. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган экспортёр корхоналар маҳсулотларини давлат чегарасигача амалдаги ички тарифлар миқдоридаги ҳақ эвазига етказиб берилиши белгиланган. Кўриниб турибдики, ушбу преференция ҳам экспортёр корхоналарнинг логистика харажатлари кескин камайиши ва натижада маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозордаги таннархи қисқариши ҳамда рақобатбардошлигининг ошишига туртки бўлади. Ушбу имтиёздан тўлақонли фойдаланган холда экспортёр корхоналар томонидан келгусида экспортга чиқариладиган маҳсулотларнинг 70-80 фоизи темир йўл транспорти орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Вилоятда фармацевтика саноати бўйича 8 корхона фаолият юритмоқда. Уларда 10 дан ортиқ турдаги доривор ўсимликларни қадоқлаш йўлга қўйилган. Вилоятда 25 хил доривор ўсимликларни етиштириш плантациялари ташкил этиш, шунингдек, экспортбоп тайёр фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 2017-2018 йилларда жами 81 миллиард сўмликдан ортиқ инвестициялар киритилиши ҳисобига 29 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мисол учун, келгуси йили Боғот туманида “Хоразм супер медикал” масъулияти чекланган жамияти томонидан 300 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳисобидан йилига 6 миллион дона йод, зеленка, валерианка каби, Хива туманида ташкил этиладиган "Кордон хумо" хусусий корхонасида 1,7 миллиард сўмлик инвестиция эвазига синтетик дори воситалари (амоксициллин, ампициллин, азитромицин, цефподоксим, хлорамфеникол, доксициклин, эритромицин) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бугунги кунда вилоятда пишган ғишт, эшик-ром, оҳак, темир бетон маҳсулотлари, темир дарвоза ва панжаралар, брусчатка, қуруқ қурилиш аралашмалари (шпатлевка, мегамекс, гипс), профнастил ва металл листлар, лок ва бўёқ маҳсулотлари, том ёпиш материаллари, норуда материаллари ва бошқа турдаги қурилиш саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 375 корхона фаолият юритмоқда. Бу соҳада ҳам келгуси икки йилда яна 260 лойиҳа амалга оширилиши ва 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Бугун турмушимизни музлатгич, совутгич, чангютгич, телевизор, микротўлқинли печ каби уй-рўзғор буюмларисиз тасаввур қилиш қийин. Мамлакатимизда ана шундай халқ истеъмоли товарлари кенг миқёсда ишлаб чиқарилмоқда. Сифатли ва қулай бундай маҳсулотлар барчага манзур бўлмоқда. Вилоятда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан ишлаб чиқарилаётган маиший техника воситалари жаҳон бозорида харидоргир. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий хомашёдан тайёрланган, янги дизайндаги техника воситалари импорт ўрнини тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозир ушбу йўналишда 10 дан ортиқ корхона фаолият юритаётир. Улар томонидан музлатгич, трансформатор, сув фильтрлари, LED лампа, савдо музлатгичи каби 15 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар савдога чиқарилмоқда. 2017-2018 йилларда 25 миллиард 400 миллион сўмлик инвестиция маблағлари ҳисобидан 19 лойиҳани амалга ошириш, 300 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган.
Президентимизнинг мазкур қарори билан ҳудуддаги йирик корхоналарга турли имтиёз ва преференциялар берилди. Жумладан, йирик корхоналар экспортдан оладиган валюта тушуми тўлиқ корхона ихтиёрида қолдирилади. Корхоналар ўз эҳтиёжига қараб, зарур маҳсулот ёки ишлаб чиқариш технологиясини хорижий валютада сотиб олиши мумкин, бу маблағ ва вақтнинг тежалишига олиб келади.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланаётгани туфайли Хоразм вилоятида ҳам ишлаб чиқарилаётган замонавий, юқори қувватли ва рақобатбардош маҳсулотларга жаҳон бозорида талаб ортмоқда. Бу экспорт ҳажмининг ошиши ва халқимиз фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилмоқда.