Самарқандда “Ташаббус” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.
Танловнинг Самарқанд шаҳар босқичида 70 га яқин тадбиркор ва ҳунарманд иштирок этди. Тадбиркорлик ва ҳунармандлик Самарқанд шаҳри иқтисодиётининг асосий йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда шаҳарда мазкур тармоқлар изчил ривожланиб бормоқда.
Танловда шаҳарнинг тажрибали тадбиркор ва уста ҳунармандлари ўз маҳсулот ва хизматлари тақдимотини ўтказди, фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
“Samarkand Euro Asia textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Камол Абдуллаев “Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон халқ устаси, кулол Холмаҳмат Исматиллаев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб эътироф этилди.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Samarkand Euro Asia textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари К.Абдуллаев. – Ўтган йили фаолият бошлаган корхонамизда юқори сифатли кўйлаклар ишлаб чиқарилмоқда. Толадан маҳсулот тайёрлангунга қадар бўлган барча жараён замонавий технологиялар ёрдамида шу ернинг ўзида амалга оширилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинмоқда.
Танлов иштирокчилари бир қатор қўшимча номинациялар бўйича рағбатлантирилди.