Тошкентда Ўзбекистон – Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. 

Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, геология ва минерал ресурслар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе, «China National Cable Engineering» корпорацияси бошқаруви аъзоси, бош менежери Ли Ҳай Тао ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг ўзаро музокараларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. 

Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация Ўзбекистон – Хитой алоқалари ривожига хизмат қилмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди. 

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорларидан. Икки давлат ўртасида савдо алоқалари борасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган савдо, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга оид битимлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Хитой ишбилармонларининг ҳам ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 704 фирма ва компания фаолият кўрсатмоқда. Улар нефть-газ, нефть-кимё, кон-металлургия, машинасозлик, савдо, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, электр техникаси каби соҳаларда иш юритаётир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,7 миллиард АҚШ долларини, жорий йилнинг биринчи чорагида 1,2 миллиард долларни ташкил этди. 

Форумда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди. 

– Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори ва стратегик шеригидир, – деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе, – Хитой компаниялари мамлакатингизда турли соҳаларда ўз бизнесини муваффақиятли амалга оширмоқда. Форумда Хитойнинг гидроэнергетика, металлургия, тоғ-кон саноати, қурилиш инфратузилмасига ихтисослашган «ССС», «CNEEC», «Power China», «Sinosteel» каби етакчи компаниялари иштирок этмоқда. Ушбу бизнес-форум икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради. 

Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Хитой ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, «Навоий», «Жиззах», «Қўқон», «Ургут», «Ғиждувон», "Ҳазорасп" ва «Ангрен» иқтисодий зоналаридаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди. 

– Корпорациямиз электр таъминоти, телекоммуникация, атроф-муҳит муҳандислиги каби соҳаларга мўлжалланган электр ускуналари ишлаб чиқаради, – деди «China National Cable Engineering» корпорацияси бошқаруви аъзоси, бош менежери Ли Ҳай Тао. – Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги улкан салоҳияти ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдик. Биз Ўзбекистоннинг истиқболли бозорини чуқурроқ ўрганиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз. 

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Хитой ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикр алмашди. 

 


 ЎзА