Мазмунли дам олиш учун ажойиб таклифлар

“Ўзэкспомарказ”да “Дам олиш дунёси – 2017” V халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси бошланди. 

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди. Тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ соҳадаги хизматлар кенгаяётгани, бунинг натижасида сайёҳлар оқими кўпаяётганини алоҳида таъкидлади. 

ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор халқаро сайёҳлик кўргазмаси ва бу йўналишга оид бошқа анжуманлар Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланиши, иқтисодиётнинг юксалишида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. ЕХҲТнинг мазкур соҳага оид қатор вазифалари мавжудлигини, ташкилот Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Бугунги кунда туризм жаҳон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Ўзбекистонда ҳам туризм саноатини модернизация қилиш, соҳани янада ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, миллий туризм маҳсулотларини кўпайтириш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, туризм тармоғини бошқаришни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Бунинг самарасида мамлакатимизга келаётган сайёҳлар тобора кўпаймоқда. Масалан, ҳар йили Ўзбекистонга дунёнинг турли минтақаларидан 2 миллиондан ортиқ сайёҳ келмоқда. Уларнинг аксарияти Германия, Франция, Италия, Корея Республикаси, Япония, Хитой, Малайзия, Россия, Ҳиндистон фуқароларидир. 

Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан биридир. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз бутун дунёда қадрланади. Мамлакатимизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, тарихий ва маданий туризм, тиббий, этник, спорт йўналишлари, альпинизм каби кўплаб турлари изчил ривожланмоқда. Барча ҳудудларда янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилмоқда, транспорт коммуникациялари ва хизмат кўрсатиш изчил яхшиланмоқда. 


Бугунги кунда мамлакатимизда 530 дан ортиқ туроператор ва агентлик, 430 меҳмонхона фаолият юритмоқда. Пойтахтимиз ва вилоятларда “Radisson”, “Lotte”, “Wyndham”, “Hyatt”, “Ramada” каби дунёга машҳур отеллар билан бирга кичик гуруҳларда ва оилавий саёҳат қилувчилар учун хусусий меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда. Дам олиш туризми сайёҳлик бизнесининг талаб юқори бўлган соҳаларидан биридир. Ушбу халқаро кўргазма Ўзбекистонда баҳор-ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган ўзига хос лойиҳа бўлиб, хорижликларни мамлакатимиздаги дам олиш масканларига кенг жалб қилиш, ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизнинг чет элларга саёҳатини уюштиришда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазма маҳаллий ва хорижий туроператорларга янги мавсум олдидан ўз хизмат ва имкониятларини намойиш этиши, корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиш, таътил мавсумига оид режалар ишлаб чиқиш учун қулай имкониятлар яратади. 

“Дам олиш дунёси”да ички ва халқаро туризм, илмий ва соғломлаштириш туризми, сайёҳлик маъмуриятлари ва миллий офислар, туризм агентликлари ва туроператорлар, меҳмонхоналар, санаторий-курорт мажмуалари, дам олиш масканлари, авиаташув, транспорт ва суғурта компаниялари, онлайн брон қилиш тизимлари каби бўлимлар ишлаб турибди. 

Мамлакатимизда ички туризм ҳам тобора ривожланмоқда. Ҳар йили кўплаб ватандошларимиз юртимиз бўйлаб саёҳат қилмоқда. Вилоятларнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, манзилли дастурлар амалга оширилмоқда. Туризм маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиб, уларни ички ва халқаро туризм бозорларида тарғиб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқиш, соҳада реклама-ахборот фаолиятини кенг йўлга қўйиш, гидлар ва бошқа ходимларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимизнинг барча ҳудудидан сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. Махсус экспозицияларда дастурхонга тортилган ўзбек миллий таомлари ва турли мева-сабзавотлари, ўзбек миллий либослари намойиши, миллий мусиқий меросимиз, ҳудудларнинг фольклор санъатига оид тақдимотлар тадбир қатнашчилари, айниқса, хорижлик меҳмонларга манзур бўлаётир. 

“Дам олиш дунёси”да Андижон вилоятининг экспозицияси кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда мазкур ҳудуднинг ўзига хос туристик имкониятлари, сайёҳлик маршрутлари ва хизматлари таклиф этилмоқда. Момоларимиздан мерос сифатида бизгача етиб келган амалий санъатнинг энг қадимий ва кенг тарқалган тури – каштачилик, хусусан, сўзана тикиш санъати бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда. 

– Вилоятимизда туризмни, айниқса, сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти бўйича ваколатли вакили Адҳам Исманов. – Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги туризм соҳасини жадал ривожлантиришга оид фармони вилоятда туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Андижон шаҳрида 21 меҳмонхона сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Бир неча минг йиллик тарихдан сўзлагувчи Сарвонтепа, Мингтепа ёдгорликлари хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айни пайтда Мингтепа ёдгорлигида Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий фанлар академияси мутахассислари ҳамкорлигида археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда. Вилоятимизнинг қадим ва бой тарихини ўзида мужассам этган гўшаларини, маданий ёдгорликлар, мафтункор табиат қўйнида жойлашган сўлим дам олиш масканларини тарғиб этишда бундай форумларнинг ўрни беқиёс. 

Халқаро сайёҳлик форумида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенг жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр алмашилмоқда, ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хорижий сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланаётир. Хусусан, кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид ҳужжат имзоланди. 

– Ўзбекистон Қозоғистоннинг муҳим стратегик ҳамкорларидан, – дейди Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб берди. Икки давлат ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ривожи ўзаро иқтисодий ва маданий алоқаларни янада фаоллаштиришда улкан аҳамиятга эга. Муассасаларимиз ўртасида имзоланган ҳужжат туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

“Hosted Buyers” (“Профессионал харидорлар”) дастури учрашувларида элликдан зиёд хорижий компаниялар раҳбар ва менежерлари мамлакатимиздаги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, тажриба алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш, сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш имконига эга бўлмоқда. Ушбу дастур туризм соҳасида ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади. 

Кўргазма доирасида “Tashkent Food Festival” миллий таомлар фестивали ҳам очилди. Унда пойтахтимизнинг элликка яқин ресторан ва кафелари, Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Хоразм вилоятларининг соҳага оид сайёҳлик фирма ва компаниялари тақдимотлари ўтказилмоқда. Фестивалда иштирокчилар миллий таомларимиз, саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева-сабзавотлардан баҳраманд бўлаётир. Мамлакатимизнинг қаҳва тайёрлашга бағишланган стендларида бу ичимликни тайёрлаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Иштирокчилар чой ва қаҳванинг олий навлари, уларни тайёрлаш ва узатиш маданияти, техника ва ускуналари билан танишиш имконига эга бўлади. 

Бешинчи маротаба ўтказилаётган кўргазмада Бельгия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Россия, Сингапур, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 га яқин фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда. 

“Дам олиш дунёси”да Таиланднинг “Ilves Tour” компанияси мамлакат бўйлаб экскурсия маршрутлари ҳамда тўй маросимларини ташкил этиш, Малайзиянинг “Embassy Alliance” компанияси қумлоқ пляжларда дам олиш, Чехиянинг “Bohema Lazne”, Россиянинг “Русь Ессентуки”, Озарбайжоннинг “Chinar Hotel & Spa Naftalan” санаторий-курорт мажмуалари болалар ва катталар учун дам олиш, даволаниш ва соғломлаштириш бўйича ўз хизматларини таклиф этмоқда. Кўргазмада илк марта иштирок этаётган Хитой компаниялари сайёҳлик экспозицияси ҳам иштирокчиларнинг эътиборини тортмоқда. 

– Агентлигимиз дипломатик қабуллар ва туристик гуруҳлар саёҳатини ташкиллаштириш, йирик халқаро конференцияларда хизмат кўрсатиш, сайёҳларни қабул қилиш ва кузатиш каби ташкилий ишлар билан шуғулланади, – дейди Хитой Халқ Республикаси Сайёҳлик агентлиги менежери Лиу Ронг хоним. – Кўҳна тарих, бетакрор маданият ва гўзал анъаналарга эга Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида катта нуфузга эга. Мазкур кўргазмада мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар алмашинувини янада фаоллаштириш, Ўзбекистоннинг қатор сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш ниятидамиз. 

“Дам олиш дунёси” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг улкан туризм салоҳияти билан кенгроқ таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, уларнинг Ўзбекистон бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлашига кўмаклашишга, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади.