Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишмоқда.
Давлатимиз раҳбари Жомбой туманидаги “Ғалла Осиё нон” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, вилоятда яқин вақтлар ичида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар тақдимотида иштирок этди.
Дастлаб Президентимизга "Шарқ саноат" концерни таркибида ташкил этилган интенсив кўчат етиштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Польшадан келган мутахассислар янги технологиянинг аҳамияти, афзалликлари ҳақида сўзлаб берди. Мазкур усул асосида етиштирилган кўчатлар касалликка чидамлилиги, тезпишарлиги билан бошқаларидан ажралиб туради.
Самарқандда картошка етиштириш бўйича янги марказ ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Марказнинг ҳудудлараро филиаллари ташкил қилинади. Вилоятларда мазкур йўналишда лабораториялар очиш кераклиги қайд этилди.
Булунғур туманида ташкил этилаётган “Тоҳир” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда аҳолини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Дунё бозорида юртимизда етиштирилган сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Янги ташкил этилаётган жамият мутахассислари бу борада талаб ва таклифларни атрофлича ўрганиб, лойиҳани жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширишни режалаштирган.
Ўн бир гектар майдонда барпо этиладиган корхона йилига 12 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга.
Президентимизга тақдим қилинган кейинги учта лойиҳа ҳам шу йўналишда. Булар Булунғур туманидаги “Самарқанд гарден пласт” ва Жомбой туманидаги “Грин агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш марказини ташкил этиш лойиҳаларидир.
Лойиҳалар ҳақида Президентимизга батафсил маълумот берилди: ташкил этиладиган янги иш ўринлари, экспорт ҳажми, ташаббускор томонидан сарфланадиган маблағлар, банклар томонидан ажратилаётган кредитлар, замонавий ускуналарнинг имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Шавкат Мирзиёев Оқдарё туманидаги "Юнусжон аҳли" оилавий корхонаси томонидан соя оқсили изоляти ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Йилига 26 тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга корхона Хитойнинг етакчи компанияларининг замонавий ускуналари билан жиҳозланади. Жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топшириладиган корхонада соя ёғи, уни, оқсил изоляти ишлаб чиқарилади.
Президентимиз яратиладиган иш ўринлари билан қизиқди. Корхонада 80 кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилгани айтилди.
Биз учун ҳар битта иш ўрни муҳим. Лоақал иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимизда кўтаришга тайёрмиз, деди Президентимиз. Чунки инсоннинг иш билан таъминланиши унинг оиласи фаровон бўлишига, эртасига, давлатга ишончи ошишига асос бўлади.