Электрон тижорат масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси томонидан электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларига бағишланган семинар ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар иқтисодиёт тармоқларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига бизнес юритишда қулайликлар яратиш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Бугунги кунда бизнесда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани натижасида соҳанинг электрон кўриниши шаклланмоқда, масофалар қисқариб, вақт тежалмоқда. Турли юмушларни интернет орқали бажариш, хат-хабарлар, тўловларни электрон тарзда амалга ошириш амалиёти кенгайиб бораётир. Пировардида замонавий ахборот технологиялари асосида янги турдаги банк хизматларини кўрсатиш, электрон тижорат, электрон тўловлар тизими ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда.
Электрон тижоратни ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон тўловлар тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2015 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун соҳа тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиши билан бирга, маҳаллий хўжалик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид тизимли ишларнинг такомиллашувига олиб келди.
Ҳукумат қарорига асосан 2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унга мувофиқ, жорий йилда электрон тижоратнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, уни амалга ошириш стандартлари, шакллари, механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ахборот-коммуникация технологиялари негизида электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кўзда тутилган.
– Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида электрон шаклда битимлар тузиш кундалик амалиётга айланиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов. – Электрон тўловлар ҳажми йилдан йилга ортиб, электрон тижорат хизмати ва товар истеъмолчилари учун онлайн тўловларни амалга оширишнинг янги ва қулай механизмлари жорий этилмоқда. Бу эса соҳада фаолият кўрсатаётган бизнес субъектлари ҳамда истеъмолчилар манфаатлари, қонуний ҳуқуқларини амалга оширишни таъминловчи таъсирчан ҳуқуқий асосларни шакллантиришнинг долзарблигини кўрсатади.
Семинарда мамлакатимизда электрон тижоратнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар, хусусан, почта хизматлари тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, электрон рақамли имзо технологиялари, олис туманларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари чеклангани сингари масалалар муҳокама қилинди.