Логистика марказлари – тадбиркорга кўмакчи
«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасидан маълум қилишларича, шу кунларда Сурхондарё вилоятида баҳорги пиёзни йиғиб олиш тадбирлари бошланган.
Уюшма томонидан хорижий бозорларнинг мамлакатимизда етиштирилаётган ноз-неъматларга бўлган талабини ўрганиш бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, музлатилган мева ва резаворлар ҳамда полиз экинларига талаб юқорилиги аниқланди. Мисол учун, Хитой ва Россияда шафтолига, Жанубий Кореяда тарвузга, Японияда қовунга эҳтиёж юқори экан. Жорий йилнинг ўтган даврида икки миллион долларлик шартномалар имзоланган бўлиб, ҳозиргача Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва бошқа давлатларга қарийб 720 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Айни вақтда уюшма томонидан аҳолини қиш-баҳор мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан барқарор нархларда кафолатли таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ҳолатида қарийб 15 минг тонна картошка четдан олиб келинган. Келгусида картошка ва бошқа турдаги маҳсулотларни тизимли равишда юртимизда етиштиришни янада такомиллаштириш, уларни сақлаш, бирламчи ишлов бериш, экспортга тайёрлаш ва транспортировка қилиш ишларини комплекс бажариш мақсадида логистика марказлари ташкил этилмоқда. Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.
Миллий матбуот марказида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
– Логистика марказларида сервис ва ҳуқуқий хизматлар йўлга қўйилади, – дейди «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси ўринбосари Нодирбек Раҳбаров. – Экспорт учун керакли бўлган барча ҳужжатлар шу ерда тайёрланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар фаолият юритади. Мисол учун, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида жойлашган логистика маркази жорий йилнинг охирида ишга тушиши кутилмоқда.
Олтмишга яқин савдо-тайёрлов корхонага эга уюшма мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш, сақлаш ва аҳолини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Озиқ-овқат товарлари ва мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга ихтисослаштирилган янги омборхоналар қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳам доимий эътиборда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6 январдаги Янги мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига биноан жорий йилда давлат буюртмаси асосида 432 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш белгиланган. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида уюшмада кенг миқёсли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тизимдаги корхоналар 4 минг гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради. Жорий йилдаги ҳосилдан захирага жамғариш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартнома имзолаш тадбирлари бошланган.
Уюшма тизимдаги корхоналар захира жамғариш билан бир қаторда экспорт шартномалари тузишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Анжуманда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг устувор йўналишлари, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ҳисобига озиқ-овқат захирасини кўпайтириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.