Оилавий тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда
Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган оилавий корхоналар, ҳунармандлар фаолиятини рағбатлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий ҳамда вилоят кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда партиядан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатлар, партия фаоллари, банк мутахассислари, ҳунармандлар ва ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, бу борада ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. – Ушбу вазифалар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган чоралар ижроси доирасида жойларда кенг аҳоли қатлами, ёшлар ўртасида оилавий тадбиркорликни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида мана шундай очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Мутахассислар тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва янгиликлар, имтиёз ва қулайликлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, келтирилган муаммоли масалалар ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилди.
– Тадбир доирасида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан келган, бугунги кунда самарали иш олиб бораётган ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилгани менда катта таассурот қолдирди, – дейди чирчиқлик Н.Алимова. – Банк ходимлари ва соҳага алоқадор бошқа мутахассисларнинг “Бизнес режа ва кредит турлари”, “Кредит ажратиш тартиби ва гаров таъминоти”, “Жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган солиқлар”, “Солиқ ставкалари, солиқ ҳисоботлари, имтиёз ва преференциялар” мавзуларидаги маърузаларини тинглаб, келгусида тикувчиликка ихтисослашган оилавий корхонамизни иккиланмасдан ишга тушириш иштиёқи пайдо бўлди. Корхонани ташкил этиш борасида ишлаб чиққан бизнес режам кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг кредит сертификатига эга бўлганимдан хурсандман.