«Лицензия» ахборот тизимлари комплекси ишга туширилди


6 апрел куни Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда интерактив хизматларни кўрсатувчи ва рухсат берувчи жараёнлар автоматлаштирилган «Лицензия» ахборот тизимлари комплексининг йўлга қўйилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

«Лицензия» ахборот тизимлари комплекси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа доирасида Электрон лицензиялаш портали яратилиб, Интернет тармоғидаги лиcенсе.гов.уз манзилида ишга туширилган. Ҳозирги кунда мазкур портал орқали 40 та фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш учун электрон шаклда ариза топшириш, аризани кўриб чиқиш ҳолатларини кузатиб бориш, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш жараёнларини автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш имкониятлари яратилган.

2016 йилнинг декабр ойидан синов режимида ишга туширилган мазкур “Лицензия” ахборот тизимлари комплексига 46 та давлат органлари ва уларнинг таркибий ташкилотлари ҳамда барча маҳаллий давлат ҳокимият органлари уланган бўлиб, қисқа давр ичида у орқали бугунги кунгача 600 га яқин зийод аризалар қайта ишланган ва 41 мингдан зийод лицензиялар ва рухсатномалар реестри киритилган.

Жумладан, айни пайтда тадбиркорларга транспорт, архитектура ва қурилиш, биржа, кўчмас мулк, савдо, тиббиёт, дорихона, таълим, маданият, спорт, туризм ва реклама каби йўналишларда фаолият олиб боришлари учун лицензиялар электрон усулда тақдим этилмоқда.

“Лицензия” ахборот тизимлари комплекси 2017 йил давомида барча рухсатномалар берувчи давлат идораларида босқичма-босқич жорий қилинади. Натижада, 2018 йилнинг 1 январидан рухсатномалар бериш жараёнлари автоматлаштирилиб, лицензия олиш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар электрон тизим орқали олинади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси лицензия ва рухсат бериш жараёнларини автоматлаштириш орқали лицензияловчи орган ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириб, фаолият турларини лицензиялаш бўйича маълумотларнинг, шу жумладан лицензиялар реестрига киритилган маълумотларнинг очиқлигини таъминлайди, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини фаол ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.