Дори-дармон таъминоти: имтиёз ва имкониятлар

Миллий матбуот марказида халқимизни арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, дорихоналарда чегараланган нархларга риоя қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Pharmclub.uz лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзфармсаноат" акциядорлик концерни, "Дори-дармон" акциядорлик компанияси, турли ташкилот ва корхоналар вакиллари, ишлаб чиқарувчилар ва дорихона ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва бошқалар мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини юқори самарадорликка эга, арзон ва сифатли дори-дармон ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Ушбу қарор асосида четдан олиб келинадиган ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш бўйича чекланган савдо устамалари жорий этилди. 

Тиббиётда кенг қўлланиладиган ижтимоий аҳамиятга эга 343 турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланди. Улардан 116 таси маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилади, 227 таси четдан олиб келинади. 

Аҳолининг бу чора-тадбирлардан хабардорлигини ошириш мақсадида барча дорихоналарда "Истеъмолчилар бурчаги" жорий этилди. Унда дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори-дармон ҳамда тиббиёт буюмлари минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг чекланган нархлари рўйхати, 2016 ва 2017 йиллар учун нархларнинг қиёсий жадвали илиб қўйилди. 

Фармацевтика саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳалар ҳам кенгайтирилмоқда. 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини ривожлантиришга оид дастур доирасида 67 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу чора-тадбирлар маҳаллий фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тури ва ҳажмини ошириш, дори таъминотини яхшилашга хизмат қилмоқда. 

Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар ва соҳада фаолият юритаётган улгуржи ва чакана корхоналарни қўллаб-қувватлаш, мутахассисларни соҳадаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларнинг ишига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг ечимини топишда амалий кўмак кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фармацевтларнинг Pharmclub.uz лойиҳаси ана шу мақсадда ташкил этилди. 

Давра суҳбатида мутахассислар тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда улгуржи ва чакана савдо йўналишида фаолият юритувчи мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дорихона ходимларининг саволларига мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари батафсил жавоб қайтарди, уларни қийнаётган муаммолар ечими юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.