Ўзбекистон ва Россия вазирликлари ва идоралари ҳамда йирик компаниялари ўртасида икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги Элчихонасида 2017 йилнинг 3 апрел куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигидаги делегация иштирок этди. Россия томонини иқтисодий тараққиёт вазири Максим Орешкин бошчилигидаги делеция намоён этди.
Икки давлат ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳаларда умумий қиймати 3, 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзоладилар.
Хусусан, Ўзбекистондаги Тебинбулоқ конининг таркибида ванадий моддаси бўлган титан-магнит рудаларини қайта ишлаш лойиҳасини пўлат-литей ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ҳолда амалга ошириш тўғрисидаги меморандум, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Газпромбанк” АЖ, Россия экспорт-кредит агентлиги ўртасида инвестицион лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича ҳадли битим, тайёр ҳолда топшириладиган мисни бойитиш мажмуасини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим, “Асака” банк ва “Газпромбанк” АЖ ўртасида Тошкент шаҳрида металлургия заводи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳадли битим, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ ишлаб чиқариш майдонларида қишлоқ хўжалиги техникасини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича битим ва бошқа қатор аҳамиятли ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, Россияга янги ва қайта ишланган мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 612 миллион долларга тенг шартномалар, Ўзбекистонга Россия нефтини етказиб бериш бўйича меморандум ҳамда экскаватор техникасини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ҳам имзоланди.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Россия музокаралари якунлари бўйича қўшимча қатор ҳужжатлар Кремлда имзоланиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги