Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда
Сирдарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида саноат маҳсулотлари хариди ва ҳамкорликка оид 11,5 миллион долларлик ҳамда 175,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.
Ярмаркада вилоятда фаолият юритаётган йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 200 га яқин корхона 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда хусусий секторнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор тармоқнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрнини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараётган йирик саноат корхоналарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. Буни жорий йилги ҳудудий ярмаркада ўз маҳсулоти билан қатнашган саноат корхоналари сони ўтган йилгига нисбатан 11,5 фоиз кўпайиб, уларнинг 80,3 фоизини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этаётганида ҳам кўриш мумкин.
Ярмаркада таълим муассасалари, шифохона, хонадон ва офисларга мўлжалланган қаттиқ ҳамда юмшоқ мебеллар, уй жиҳозлари, гилам-трикотаж буюмлари, машинасозлик, халқ истеъмоли моллари, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, полиэтилен қувурлар, парфюмерия товарлари кенг намойиш этилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шу ернинг ўзида келишувга эришиб, шартномалар имзолади.
Вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси, тижорат банклари ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатди. Ярмаркада намойиш этилган товарларнинг 10 дан ортиғи янги турдаги маҳсулотлар эканини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
– Мазкур ярмарка биз, тадбиркорлар учун ўз маҳсулотимизни намойиш этиш ва буюртмачилар сонини ошириш, ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда қулай имконият яратмоқда, – дейди “Сайхун бунёдкор қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари О.Ниёзов. – “Микрокредитбанк” вилоят филиалидан 39 миллион сўм кредит олиб, хориждан замонавий дурадгорлик ускуналари ва дастгоҳлар келтириб ўрнатдик. Корхонамизда тайёрланаётган эшик-ромлар сифати, мустаҳкамлиги ва арзонлиги билан қўшни вилоятларда ҳам харидоргир. Банкдан яна 150 миллион сўмлик кредит олиш учун ўз бизнес-режамизни тақдим этганмиз. Мақсадимиз маҳсулот тури ва ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратишдир. Бугунги кўргазмада 10 дан ортиқ шартнома имзолашга эришдик.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.