Замонавий технологиялар намойиши
“Ўзкўргазмасавдо” мажмуасида X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси доирасида ҳудудий тақдимотлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятлари, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 350 дан ортиқ инновацион илмий ишланма ва лойиҳа намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиев, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизда инновацион ғоялар ва илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни кучайтириш, янги ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилгани, ўтган йилларда мазкур ярмаркаларда 4,5 мингдан зиёд лойиҳа тавсия қилиниб, олтмишдан ортиқ янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини таъкидлади.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги «Имкон ҳамкор ишонч боғи» фермер хўжалигида бир неча йилдан буён мўл ҳосил олинади. Уч йил аввал фермер боғида етиштирилган меваларни сақлаш учун совутгич қурилиб, ишга туширилди. Сархил мевалар сараланиб, сақлаш учун қўйилди. Бироқ улар қисқа муддатда ўзгариб, сифатини йўқотди. Бу ҳол иккинчи йилда ҳам юз бергач, фермер олимлар билан ҳамкорлик қилишга қарор қилди.
– Илмий жамоамиз вакиллари боғ тупроғини ўрганиб, сара олмаларнинг совутгичда нима учун узоқ турмаётгани сабабини аниқлади, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси, биология фанлари доктори Лазиза Fофурова. – Боғ тупроғида кальций моддаси камлиги боис мевалар узоқ сақланмаган. Тупроқни керакли миқдорда бойитиб берганимиздан кейин ўтган йилги ҳосил яхши сақланмоқда. Бугунги ярмаркада тупроқ унумдорлигини оширувчи ишланмаларимиз билан қатнашдик. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда фойдаланиладиган технологиялардир. Мисол учун, қаттиқ маиший чиқиндилардан биоорганик ўғит ишлаб чиқариш лойиҳаси жуда яхши самара бериши шубҳасиз. Бунда қоғоз, турли мева-сабзавотларнинг қолдиқлари, чинор барги каби чиқиндилардан ёмғир чувалчанги кўмагида «Универсал» номли биоўғит тайёрлаш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган ерларнинг унумдорлиги, унинг мелиоратив ҳолатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган касалликларга чидамли ва вируслардан тозаланган уруғлик картошка катта янгилик бўлди. Буғдойдан бўшаган майдонларга экилиши ва маҳаллий навларга нисбатан 3 баробар ортиқ ҳосилдорлиги сабаб куннинг биринчи ярмидаёқ фермер хўжаликлари билан бу борада йирик шартномалар имзоланди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ғояларини мустаҳкам қарор топтириш масаласи доимий эътиборда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида шифо масканлари тиббий-ташхис, лаборатория ускуналарини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш, аҳолини арзон, сифатли, хавфсиз дори-дармон ва препаратлар билан таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида ҳам тиббий техника, лаборатория-ташхис воситалари, фармецевтика маҳсулотлари кенг ўрин олган.
– Биз тиббиёт соҳасида импортнинг ўрнини босувчи асбоб-ускуналар яратамиз ва ишлаб чиқарамиз, – дейди «Supromed» хусусий корхонаси директори ўринбосари Ҳусан Ҳамидов. –Ярмаркада ҳар йили фаол иштирок этамиз. Ўтган йиллар давомида ўндан ортиқ инновацион лойиҳамиз амалиётга татбиқ этилди. Шифо масканлари учун физотерапия ускуналари ва «Пува» номли кабинани тақдим этмоқдамиз. Юқори частотали ток билан даволовчи ускуна соч тўкилиши, асаб бузилиши, турли шамоллашларда кўмаклашса, кабинамиздаги ультрабинафша нури тери касалликларини даволашда яхши самара беради.
Ярмаркада йирик ишлаб чиқариш корхоналари қаторида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашаётир. Яшнободда фаолият юритаётган “Ҳилол шамс” хусусий корхонаси улардан бири.
– Мазкур ярмаркада илк бор иштирок этаётирмиз, – дейди корхона директори Дониёр Каримов. – Биз ишлаб чиқараётган сариқ, қизил, қора ва жигар рангдаги ғиштлар бинонинг ташқи кўринишига ўзгача қиёфа бахш этади. Улар териш учун қулай бўлиш билан бирга иссиқликни яхши сақлайди, шўрланмайди. Қулфли ғишт деб номланган бу маҳсулотимизни тайёрлаш ускунасини ҳам ўзимиз яратдик.
– Илмий жамоамиз ўттизга яқин лойиҳа ва ишланма билан қатнашмоқда, – дейди Гулистон давлат университетининг профессори Ҳазратқул Қаршибоев. – Физика, техника, педагогика соҳаси учун қўлланмалар, қишлоқ хўжалиги учун янги навлар шулар сирасидандир. Бугун кўплаб тадбиркорлар шўр ерларда ширинмия етиштириш ва экспорт қилиш, иссиқхонада ананасдан ҳосил олиш, астрагал ўсимлигидан янги турдаги дори-дармонлар тайёрлаш каби лойиҳаларимизга қизиқиш билдирмоқда.
Ярмарка доирасида Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси илмий муассасалари, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзкимёсаноат” акционерлик жамиятлари, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди. Саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни жорий қилиш бўйича шартномалар имзоланди.