Тадбиркорларнинг муаммолари бартараф этилмоқда

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбирда тугатилган ва фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклашга кўмаклашиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг фаолияти йўлида ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришга оид чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида зарур вазифалар белгилаб берилган. 

Партия томонидан мазкур тамойиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ҳолати ва салоҳияти чуқур ўрганилган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. 

– Пойтахтимизда 56 минг 691 тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Тўрабек Назаров. – Жорий йилда шундан 4 минг 285 нафари ўз фаолиятини тўхтатган. Мазкур тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслиги ҳолатлари ўрганилганда бошланғич сармоя ва айланма маблағларнинг етишмаслиги, хомашё тақчиллиги, кредит олиш учун гаров мол-мулкининг йўқлиги, тадбиркорларнинг соҳага оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятидан етарли даражада хабардор эмаслиги маълум бўлди. Партиямиз депутатлик гуруҳи ва партия фаоллари жойлардаги муаммоларни ўрганиб маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг январь-февраль ойларида элликдан ортиқ тадбиркорлик субъектини қайта оёққа қўйишга кўмаклашди. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. 

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда юқорида қайд этилган долзарб масалаларга ечим топиш йўллари мутасадди соҳа вакиллари ва депутатлар томонидан муҳокама этилди.