Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Фуқаролик жамиятини шакллантиришда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг долзарб вазифалари” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилояти кенгаши, Булоқбоши тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия фаоллари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, журналистлар иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, хотин-қизларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини юксалтириш, сиёсий ва ҳуқуқий билимини, ёш авлод тарбиясидаги масъулиятини янада оширишда партия қуйи ташкилотлари олдида турган вазифаларни таҳлил қилишдан иборат, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Ҳ.Омонов. – Шунингдек, партиямиз аъзоси бўлган фаол хотин-қизларнинг ана шу жараёнлардаги ташаббускорлик ва етакчилик қобилиятини юксалтириш, бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдир. 

Семинарда партиянинг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари томонидан хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.