Қонунлар тарғиботига бағишланди
Андижонда Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари лойиҳаси доирасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ва тарғибот гуруҳлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти баро этиш, юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётгани таъкидланди.
“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти ва уни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли”, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга оширишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг иштироки” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Аҳоли ўртасида юқоридаги қонунлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва тушунтиришга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Фуқаролик жамиятини шакллантиришда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонунлар ижросини таъминлашдаги фаоллигини ошириш, сиёсий, ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
– “Маҳорат дарси” шаклида ташкил этилган тадбир мазкур қонунлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитди, – дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси Пахтаобод туман кенгаши раиси Ж.Ҳамидов. – Бу қонунлар тарғиботини амалга ошириш, умуман, фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.