“Ўзстандарт”да Наврўз сайли
Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон-дилбар Ватаним!
Юртимизга файзу-таровват улашиб келган Наврўзи олам, мамлакатимизнинг барча гўшаларида ўзгача қувоч-хурсандчилик билан кутиб олинди. Республикамизнинг шаҳару-қишлоқларида мазкур байрамга бағишлаб, халқ сайиллари ташкил этилиб, миллий урф-одатларимиз, лапарларимиз, ўйинлар яна бир бор эсга олинди.
Барча вазирлик ҳамда идораларда бўлгани, “Ўзстандарт” агентлигида ҳам Наврўз ўзгача руҳ, ўзгача тайёргарлик билан кутиб олинди.
Эътиборли томони шундаки, байрам муносабати билан ҳар бир ташкилот ўзлари учун ажратилган столларни баҳорий ноз-неъматлар билан безатдилар.
Булардан ташқари, саҳна намойишлари, арқон тортиш, миллий ўйинлар, келин саломлар байрамнинг янада қизиқарли ва ранг-баранг чиқишида муҳим омил бўлди дейишимиз мумкин.
Байрам томошоларида “Ўзстандарт” агентлиги “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази”, “Ахборот маълумот маркази” ва “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази”нинг жамоалари ўзгача чиқишлари билан йиғилганлар олқишига сазовор бўлдилар.
Албатта, байрам дастури баҳона барча бир мақсад атрофида бирлашиб, Наврўзи олам юртимизга файзу-барака, деҳқонларимиз меҳнатига ривож берсин дея самимий тилакларини билдирдилар.
Наврўзи олам яна бир бор Она Ўзбекистонимизга хуш келдинг деб қоламиз.