Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига жўнаб кетди.
Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат ишбилармон доираларининг нуфузли делегациялари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Музокаралар якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро қатор муҳим ҳужжатлар, Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган салмоқли шартномалар имзоланиши режалаштирилган.
Манба: ЎзА