Ҳар бир оила тадбиркор бўлсин
Пойтахтимизда «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки «Аҳолини тадбиркор қилиш» дастури доирасида матбуот анжумани ўтказди.
Банк бошқаруви раиси ўринбосари А.Низомов ва бошқалар дастурдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк кредит хизматларидан самарали фойдаланишларини янада кенгайтириш ва янги иш жойлари ташкил этишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Мазкур банк 428 аҳоли пунктида истиқомат қилаётган 706 минг 700 хонадон эгасини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бунинг учун қарийб 900 ходим бириктирилган бўлиб, ҳозир 580 мингта хонадон эгаси билан суҳбат ўтказилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредит маблағига эҳтиёжи бўлган 17 мингдан зиёд фуқарога 110,1 миллиард сўм ажратилди. Натижада 17 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
– Берилаётган сармояларнинг асосий қисми чорвачилик, иссиқхона ташкил этишга йўналтирилмоқда, – дейди «Микрокредитбанк»нинг жисмоний шахсларни кредитлаш департаменти директори А.Суюмов. – Ҳозир вилоятларда фаолият юритаётган 23 қуёнчилик агрофирмаси ва 60 дан зиёд паррандачилик хўжалиги билан шартномалар имзоланган.
Тадбирда имтиёзли микрокредитлар энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригача, асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, уч йилгача муддатга берилаётгани таъкидланди. Тадбиркор битта иш ўрни яратса кредит 9 фоиз, иккита иш ўрни яратилганда 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш ўрнига 7 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш жойлари яратилганда 6 фоиз миқдорида берилмоқда.
«Микрокредитбанк» тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг янги лойиҳасини ишлаб чиққани ҳам маълум қилинди. Бу лойиҳа ҳозир Чилонзор туманида қўлланмоқда. Унга кўра туманда ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга банкнинг ишончли ҳамкори бўлган, тажрибали тадбиркорлар кафиллиги ва кўмаги эътиборга олинмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.