Банклар аҳолини тадбиркорликка ундамоқда
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
– Банкимизга 915 аҳоли пунктида яшовчи бир миллионга яқин хонадон бириктирилган, – дейди Миллий банкнинг лойиҳаларни молиялаш маркази директори ўринбосари Б.Жалилов. – 1 апрелга қадар барча хонадонларни ўрганиш ишлари якунланди. Бундан ташқари, аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида ҳудудларда енгил саноат ва фармацевтика соҳасида янги корхоналарни ташкил этиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт лойиҳаларини молиялаштириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини барпо қилиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Январь ойининг охирида мазкур банк филиалидан 14 миллион сўм сармоя олдик, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Юқори Себзор маҳалласида яшовчи Дилфуза Қудратова. – Мазкур маблағ эвазига уй шароитида ширинликлар тайёрлашни йўлга қўйдик. Кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда. Жамғарма хўжалик субъектлари экспортига кўмаклашиш учун тадбиркорларга ташқи бозорларни ўрганиш ва чет эллик шерикларни топиш, халқаро тендер савдоларида иштирок этиш, экспорт шартномалари тузиш, халқаро сертификатлар, рухсат беришга оид ҳужжатларни олиш ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича ёрдамлашмоқда.
Матбуот анжуманида ҳудудларда аҳолини иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, енгил саноат соҳаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва логистика марказларини ташкил этиш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.