Дори-дармон таъминоти: муаммо ва ечимлар
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни, Тошкент фармацевтика институти вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси А.Комилов, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни бошқаруви аппарат раҳбари Н.Иброҳимов ва бошқалар инсон саломатлигини муҳофазалашда аҳолини сифатли, арзон дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда бир юз элликка яқин фармацевтика корхонаси томонидан тиббиётда қўлланиладиган икки минг икки юздан зиёд турдаги дори воситаси ва тиббиёт буюми ишлаб чиқарилаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолини арзон, сифатли дори-дармон билан таъминлаш, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга асоссиз равишда қиммат дорилар тайинлашга чек қўйиш, дорихоналарда нарх-наво оширилишининг олдини олиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қарор асосида четдан олиб келинадиган ва мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи савдоси учун 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари белгиланди. Тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситаси ва тиббиёт буюми учун муайян нархлар жорий этилди. Чекланган нархлар жорий этилгач, маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархи сезиларли даражада пасайди.
Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Истеъмолчиларнинг бу борадаги мурожаати, таклиф, ариза ва шикоятларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (0371) 242-84-16 рақамли “ишонч телефони” ишга туширилди. Ҳар бир мурожаат Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, қонун доирасида ҳал этилмоқда.
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимиздаги барча дорихоналарда “Истеъмолчилар бурчаги” жорий этилди. Дорихоналарда зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари ҳамда чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун қиёсий жадвали илиб қўйилган.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА