Бухородаги “Гала-Ривер” Ўзбекистон – Қозоғистон қўшма корхонасида йилига 6 минг тонна узум қайта ишланмоқда
Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи ўн давлатдан биридир.
Серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар саломатлик учун ғоят муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги, юқори сифати, экологик тозалиги ва хавфсизлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган турдошларидан алоҳида ажралиб туради.
Бухоро мевалари, айниқса, узум ўзининг хушхўрлиги, таркибида шакар миқдори юқорилиги билан ғоят харидоргир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, узумнинг ширадорлиги нафақат ток парваришига, балки вилоят иқлими, тупроқ таркибининг ўзига хослигига ҳам боғлиқ.
Бухоро туманидаги “Континент инвест” хусусий савдо-ишлаб чиқариш корхонаси ва Қозоғистон Республикасининг “Ривер инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган “Гала-Ривер” қўшма корхонаси узумни қайта ишлашга ихтисослашган.
Корхона икки мамлакат ўртасида ўрнатилган мустаҳкам ва ишончли ҳамкорликнинг ўзига хос ифодаси сифатида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга берилаётган имконият ва имтиёзлар корхона фаолиятини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жаҳон бозори талаблари асосида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилаётган корхона цехлари Италиянинг “Dеlla Tofoll” компаниясидан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
– Технологик янгиланишлар қисқа муддатда ўз самарасини берди, – дейди қўшма корхона директори Ўлмас Раҳматов. – Дастлабки йилларда 1,5-2 минг тонна узум қайта ишланган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 6 минг тоннага етди. 20 янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда бу ерда меҳнат қилаётган 50 ишчининг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир. Амалга оширилган модернизация ишлари туфайли иш унумдорлиги ва тайёрланаётган узум шинниси сифати кескин яхшиланди. Бундай маҳсулот доимо харидоргир ва бозорнинг ўзига хос инжиқликларига чидамли. Маҳсулотимизнинг ҳаммаси шартномага мувофиқ хорижлик буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили Қозоғистон ва Россияга 1 миллион 700 минг долларлик узум шинниси экспорт қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткич 2,5 миллион долларга етказилиши режалаштирилган.
“Бухороагрофрукт” масъулияти чекланган жамияти корхонага фермер ва деҳқон хўжаликларидан шартнома асосида харид қилинган узумни пешма-пеш етказиб бермоқда. Ўтган йили 500 тонна сиғимга эга совуткич қурилгани ҳосилни захирага сақлашда қўл келмоқда. Бу совуткич корхонанинг ўз сармояси, жумладан, солиқ имтиёзлари эвазига қоладиган маблағлар ҳисобидан барпо этилди.
Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси линияси орқали 800 минг доллар миқдорида кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этилган. Янги лойиҳа ишга туширилгач, “Гала-Ривер” йилига 8 минг тоннагача узумни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.
“Бухороагрофрукт” жорий йил февраль ойида 40 гектар майдонда янги токзор ташкил этди. Унда қўшма корхона учун зарур бўлган узумнинг 30 фоизи етиштирилади. Қўшма корхонага яқинда Россиядан буюртмачилар келиши кутилмоқда. Демак, келгусида экспорт ҳажми янада ошади.