Хоразмда “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида “Оилавий китобхонлик” китоб савдоси ярмаркаси бўлиб ўтди.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекжонова ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал эҳтиёжини қондириш, оилаларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ва туманлар марказларида 33 китоб дўкони, қишлоқларда китоб савдоси билан шуғулланувчи 73 бўлим фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуаси директори Ш.Охунжонов. – Китоб дўконларининг хизмат кўрсатиш сифати йилдан-йилга ошмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Китоб байрами” тадбири, вилоятда ташкил этиладиган “Намунали китоб дўкони”, “Йилнинг энг яхши китоби”, “Мангулик жамоли” кўрик-танловлари, “Болалар китоби” фестиваллари ижод аҳли ва ноширлар, тадбиркорлар меҳнатини рағбатлантиришда ижобий самара бермоқда. 

“Хоразм китоб олами” маънавий-маърифий мажмуасида ташкил этилган китоб савдоси кўргазмасида 70 минг нусхадан ортиқ китоб савдо расталарига қўйилди. Кўргазмада айниқса ўқув-услубий, бадиий-публицистик, илмий ва болалар адабиётлари кенг ўрин олди. 

– Китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси ва беминнат устозидир, – дейди меҳнат фахрийси Б.Қосимов. – Шунинг учун ҳам бугунги тадбирни ўзликни англаш, маънавият ва камолот айёми дейиш мумкин. Кўргазмага қўйилган китобларнинг полиграфик сифати ва дизайни юқорилиги юртимизда ноширлик ва матбаа саноати ривожланаётгани, китобхонлик маданияти юксалаётганидан далолат. 

Китоблар кўргазмаси вилоят маркази, туман ва шаҳарларда 10 кун давом этади. 

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Манба: ЎзА