Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан мамлакатимизда давлат кадастрлари ягона тизими яратилиши бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
“Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонунга асосан юртимизда 21 давлат кадастри юритилмоқда. Конлар, фойдали қазилмалар ва техноген ҳосилаларнинг юзага чиқиш ҳоллари давлат кадастри, сув кадастри, қўриқланадиган табиий ҳудудлар давлат кадастри, маданий мерос объектлари давлат кадастри кабилар шулар сирасидандир. Уларни юритишда ўн саккиз вазирлик ва идора ҳамкорлик қилмоқда.
– Давлат кадастрлари маълумотлари асосида географик ахборот тизими қатламлари яратилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Ризаева. – Бундай ахборотлар базаси вазирликлар, давлат қўмиталари, маҳаллий ҳокимият, солиқ органлари юридик ва жисмоний шахслар учун зарурий маълумотларни олишга хизмат қилади. Ҳозирда Давлат солиқ қўмитаси билан онлайн режимда маълумотлар алмашиш йўлга қўйилди. Нотариус идоралари билан тажриба тариқасида жорий йилнинг ёзидан Тошкент шаҳрида, 2018 йилдан эса бутун мамлакатимиз бўйича маълумотлар алмашила бошланади.
“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси маълумотлар базасини юритувчи масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кадастр объектларини йўқлама қилиш, уларнинг геоахборот базасини шакллантириш, ArcGIS дастурида 1:2000, 1:10000 ва 1:25000 масштаблардаги рақамли хариталарни яратиш ҳамда уларнинг шартли белгиларини ишлаб чиқиш ва фойдаланиш борасида ишлар амалга оширилди. Эндиликда Давлат кадастри ягона тизими геоахборот базаси яратилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 4 миллион 900 мингдан ортиқ ер участкасидан қарийб 1 миллион 770 мингтаси ҳамда мавжуд 5 миллион 590 мингта бино иншоотидан 2 миллион 715 мингтаси давлат кадастрлари ягона тизими геоахборот базасига киритилган.
“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги “2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан барча кўчмас мулк объектлари хатловини ўтказмоқда.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.