ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ҚИЁСЛАШДАН ЎТКАЗАМИЗ!
ТАЛАБЛАР ва ШАРТЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Ҳисоблагичларни қиёслов кўригидан ўтказиш кимнинг зиммасида? Истеъмолчинингми ёки таъминотчининг? Қанча муддатда ўтказиш керак ва бу ҳақда қаердан билиш мумкин? Аҳолининг коммунал хизматлардан юзага келаётган қарздорликларига ана шу ҳолат, яъни ҳисоблагичларни қиёслов кўригидан ўз вақтида ўтказилмаётганлиги ҳам сабаб бўлаётганига кўп бор гувоҳ бўляпмиз. Истеъмолчи сифатида билишингиз лозим бўлган бу борадаги саволларга "Ўзстандарт" агентлиги Метрология хизмати кўрсатиш маркази мутахассислари жавоб беришади.
ҚИЁСЛАШ НИМА УЧУН?
Д.ИНОҒОМЖОНОВ, "Метрология хизмати кўрсатиш маркази" Давлат корхонаси 1-тоифали мутахассиси:
— Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича четдан олиб келиниши лозим бўлган ўлчов воситалари давлат синовларидан (кейинчалик уларнинг турини тасдиқлаш шарти билан) ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларида фойдаланиладиган ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилган бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат реестрига киритилган ҳамда давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда қўлланилиб келинаётган газни ҳисобга олиш приборлари даврий қиёслаш ўтказилганидан сўнг фойдаланишга йўл қуйилади.
ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
— Аксарият истеъмолчилар ҳисоблаш приборлари таъминотчи томонидан қиёсловдан ўтказиб берилиши керак, деган тушунча билан қиёслашдан ўтказиш муддати ўтиб кетганини англамай қолишади. Масалан, таҳририятга бўлган мурожаатлардан табиий газ сарфи учун ҳисоб-китобни амалга ошириш чоғида аксарият ҳолларда газни ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказишнинг муддати ўтиб кетганлиги сабаб қарздорликлар юзага келганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз...
— Газни ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 31 июлда 2604-сон билан рўйхатдан ўтган “Газни ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низоми”га мувофиқ тартиб солинади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 4 майда 2782-сон билан рўйхатдан ўтган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати”га мувофиқ газни ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш оралиғи жисмоний шахслар учун 4 йилда 1 марта, юридик шахслар учун эса 2 йилда 1 марта ташкил қилади. Бирламчи текширувдан ўтказилганлиги ҳақида белги мавжуд бўлганда, уларнинг натижаси текширувдан ўтказилган санадан бошлаб 4 йил ёки 2 йил муддатга тан олинади. Энди газни ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун ечиш масаласига тўхталадиган бўлсак, ҲУДУДИЙ ГАЗ ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ газни ҳисобга олиш приборини қиёслаш муддати тугашидан ЎТТИЗ КУН ОЛДИН истеъмолчини даврий қиёслашдан ўтказиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш учун МАСЪУЛдир.
Газни ҳисобга олиш мосламасини қиёслашдан ўтказиш учун 5 қадам
1. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун уни ечишни сўраб ҳудудий газ таъминоти корхонасига ариза билан мурожаат қилади.
2. Ҳудудий газ таъминоти корхонасининг мутахассиси аризага асосан (беш иш куни ичида) газни ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун истеъмолчи иштирокида ечиб олади ва икки нусхада ечиб олинганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштиради. Далолатноманинг бир нусхаси газни ҳисобга олиш прибори билан бирга истеъмолчига тақдим этади.
3. Истеъмолчининг хоҳишига кўра уни газ тармоғига газни ҳисобга олиш приборисиз улайди ёки вақтинча тармоқдан узиб қўяди. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш приборисиз газ тармоғига уланган тақдирда, фойдаланилган газ учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.
4. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш приборини ва газни ҳисобга олиш приборининг ечиб олинганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхасини қиёслашдан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топширади. Газни ҳисобга олиш прибори қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилинганда, манфаатдор шахс ва давлат метрология хизмати органи ўртасида тузилган шартномага асосан (уч кун ичида) қиёслашдан ўтказилади.
5. Газни ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда яроқли деб топилади ва қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилиб, ҳисоблаш механизми ва созлаш элементига ташқи таъсирлар қилинишини олдини олиш мақсадида давлат метрология хизмати органи томонидан пломбаланади.
ЯРОҚСИЗ ДЕБ ТОПИЛСА, НИМА БЎЛАДИ?
— Газни ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш натижаси салбий бўлган тақдирда, газни ҳисобга олиш прибори фойдаланишга яроқсиз деб топилади ва яроқсизлиги ҳақида хабарнома берилади. Газни ҳисобга олиш прибори яроқсиз деб топилган тақдирда, истеъмолчи уни таъмирлаш учун таъмирлаш ташкилотларига топшириши ёки Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган ва қиёслашдан ўтказилган бошқа газни ҳисобга олиш приборидан фойдаланиши мумкин. Газни ҳисобга олиш приборини таъмирлаш ташкилоти томонидан техник текширувдан ўтказиш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади. Давлат метрология хизмати органининг масъул ходими таъмирланган газни ҳисобга олиш приборларини таъмирлашдан сўнг қиёслашдан ўтказади, қиёслаш натижаси ижобий бўлган тақдирда, яроқлилиги ҳақида сертификат расмийлаштиради ва пломбалайди.
КИМ ЎРНАТИБ БЕРАДИ ВА НЕЧА КУНДА?
— Истеъмолчи қиёслашдан ўтказилган газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш учун тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонасига ариза билан мурожаат қилади ва аризага мувофиқ тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонаси вакили икки кун ичида газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиб бериши лозим. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонасининг мутахассиси газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишдан олдин қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларининг бутлигини текширади. Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонаси мутахассиси газни ҳисобга олиш приборини ўрнатгандан сўнг истеъмолчини газ тармоғига улаш штуцерларини пломбалайди ва икки нусхада газни ҳисобга олиш приборини ўрнатилганлиги ҳақида далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг бир нусхасини истеъмолчига тақдим этади.Газни ҳисобга олиш прибори ўрнатилгандан сўнг рўйхатга олинади ва фойдаланилган газ газни ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичига мувофиқ ҳисобланади.
ИССИҚ ВА СОВУҚ СУВ ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ҚИЁСЛАШ-ЧИ?
— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат реестрига киритилган ҳамда давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда қўлланилиб келинаётган иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлар даврий қиёслаш ўтказилганидан сўнг фойдаланишга йўл қўйилади. Сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ечиш, қиёслашдан ўтказишга топшириш, қиёслаш ва таъмирлаш, қиёслашдан ўтказилган сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳам худди газни ҳисобга олиш приборлариники каби тартибда амалга оширилади. Муддатлари ҳам худди газни ҳисобга олиш приборлариники каби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 4 майда 2782-сон билан рўйхатдан ўтган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати”га мувофиқ газни ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш оралиғи жисмоний шахслар учун 4 йилда 1 марта, юридик шахслар учун эса 2 йилда 1 марта ташкил қилади.
НАРХЛАР ҚАНДАЙ?
— Маиший электр, газ ва сув ҳисоблагичларини Давлат қиёслов кўригидан ўтказишда белгиланган нархлар Тошкент шаҳри бўйича қуйидагича:
Маиший газ ҳисоблагичларини қиёслаш нархи – 4 260 сўм.
Маиший сув ҳисоблагичларини қиёслаш нархи – 5 964 сўм.
Бир фазали электр ҳисоблагичларни қиёслаш нархи – 25 979 сўм 40т.
УНУТМАНГ!
— Республикамизда фақат “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги корхоналаргина маиший ҳисоблагичларни қатъий белгиланган нархларда давлат қиёслов кўригидан ўтказиш ҳуқуқига эга. “Ўзстандарт” агентлиги ходимлари хонадонларда юриб, қиёслаш ишларини олиб бормайдилар! Таъмирлаш билан боғлиқ масалалар “Ўзстандарт” агентлиги ваколатига кирмайди, ўз навбатида таъмирлаш корхоналари ҳисоблагичларни давлат қиёслов кўригидан ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Даракчи газетаси мухбири Барно МАДАЛИЕВА тайёрлади