Пойтахтимизда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишида жамоат ташкилотларининг ўрнига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан тўғридан тўғри, очиқ мулоқотни ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги федерация тизимидаги раҳбарларнинг аҳоли билан мулоқот кунлари этиб белгиланган. Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятларида «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида федерацияга қарашли ташкилотлар томонидан аҳоли билан 300 га яқин мулоқот тадбирлари ўтказилган. Мулоқотларда газ таъминоти, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик манбаи, савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти соҳалари бўйича камчилик ва муаммолар юзасидан аҳолидан тушаётган мурожаатларга ижобий ечим топишга эришилмоқда.
www.istemol.uz веб-сайти орқали ариза, таклиф ва шикоятларни электрон тарзда қабул қилиш йўлга қўйилган. Жорий йилда ушбу электрон қабулхонага истеъмолчилардан 65 мурожаат келиб тушган. Фуқароларнинг мурожаатлари ягона "ишонч телефони" (1091) орқали ҳам қабул қилинмоқда.
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида учрашув ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, ёшлар ўртасида «Мен ёш истеъмолчиман» мавзуида кўрик-танлов ташкил этилган.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА