Метрополитен хизмати пенсионерлар учун бепул бўлади
2017 йилнинг 15 мартидан бошлаб пенсионерлар Тошкент метрополитени хизматидан бепул фойдаланиши мумкин. Ушбу имтиёз ҳар куни соат 10.00 дан 16.00 га қадар амал қилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, тинч ва обод ҳаётимизни барпо этишга хизмати сингган, хонадонларимизнинг файзи бўлган кексаларимизнинг муносиб умр кечириши учун яратилаётган қулайликларни янги босқичга кўтариш бўйича қатор режа ва мақсадларни баён этган эди.
Президентимиз Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда барча пенсионерларга Тошкент метрополитени хизматларидан ҳар куни соат 10.00 дан 16.00 гача бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши тўғрисида таъкидлаганди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги қарорида Молия вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигига пенсионерларни қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча имтиёз яратиш топшириғи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисидаги қарори билан отахону онахонларнинг мазкур транспорт хизматидан имтиёзли фойдаланишининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Унга мувофиқ, метрополитен кассаси операторига пенсия гувоҳномаси кўрсатилгандан кейин бир марталик махсус жетон тақдим этилади. Мазкур жетон билан пенсионер алоҳида ажратилган турникетдан ўтади.
– Таъкидлаш керакки, пенсия гувоҳномасига эга бўлган мамлакатимизнинг барча фуқаролари бу имтиёздан фойдаланишлари мумкин, – дейди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари, «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси раҳбари О.Худойқулов. – Яратилаётган янги қулайлик кексаларимизнинг мазмунли ҳаёт кечиришлари ва ҳордиқ чиқаришларига муносиб ҳисса қўшади.