Дўст бошга иш тушганда билинади
2017 йилнинг бошланиши Тожикистон учун ниҳоятда серёғин келди. Жорий йил январь-февраль ойларида мамлакатнинг тоғли ҳудудларида жуда кўп қор ёққани натижасида катта қор кўчкилари рўй берди. Бундай аянчли ҳодиса бутун мамлакат ҳудудида 500 дан зиёд маротаба қайд этилди. Афсуски, табиий офат оқибатида нафақат иқтисодий зарар кўрилди, балки қор кўчкилари инсонларнинг ҳалок бўлишига ҳам олиб келди.
Тожикистоннинг яқин қўшниси ва биродар давлат бўлган Ўзбекистон табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун кўмак кўрсатиш юзасидан ушбу мамлакат ҳукуматининг мурожаатига биринчилардан бўлиб муносабат билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, қисқа муддат ичида 60 тоннадан зиёд ҳажмдаги инсонпарварлик ёрдами юклари ҳозирланди ва Тожикистонга юборилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва биринчи эҳтиёж учун зарур бўлган бошқа товарлардан иборат инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари 7 март куни эрта тонгда Тожикистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилотининг Узун туманига етиб келди.
Бу ерда инсонпарварлик юкларини олиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов бошчилигидаги республикамиз делегациясини Узун тумани ҳокимлиги вакиллари, та'лим муассасалари ходимлари, ёшлар ва меҳнат фахрийлари кутиб олишди. Улар Ўзбекистон раҳбарияти қўшни мамлакатга ёрдам кўрсатиш юзасидан ўз вақтида қарор қабул қилгани ва бу ташаббуснинг долзарб эканлигини қайд этишиб, делегация а'золарига оқ йўл тилаб қолдилар.
«Сариосиё» чегара пунктидан ўтганидан сўнг Ўзбекистон делегацияси Тожикистоннинг чегара ҳуддудида жойлашган Турсунзода шаҳрига етиб келди. Бу ерда мамлакатимиз делегациясини Тожикистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода, мамлакатнинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов кутиб олишди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг юк ортилган машиналар карвони пойтахт шаҳар - Душанбега қараб йўл олди.
Мамлакатимизнинг инсонпарварлик ёрдами юклари Душанбедаги белгиланган манзилга етказилгач, журналистлар учун қисқача брифинг бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида сўзга чиққан мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов Ўзбекистоннинг бу кўмаги қўшни мамлакатга қийин вазиятларда кўрсатилган биринчи инсонпарварлик ёрдами эмаслигини, бундан бир неча йил бурун ҳам республикамиз Тожикистонга қурилиш материаллари, дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа товарлардан иборат инсонпарварлик юкларини тақдим қилганини қайд этди. К.Арипов та'кидлаганидек, бу Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшниларига ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёр эканлигидан далолат беради.
Ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода табиий офатдан жабрланганларга кўмак кўрсатиш юзасидан Душанбе минтақанинг қатор давлатларига ҳамда халқаро ташкилотларга мурожаат этганини ма'лум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзди.
- Тожикистон ҳукумати номидан ўз вақтида кўрсатилган ушбу ёрдам учун Ўзбекистон ҳукумати ва раҳбариятига миннатдорлик билдираман, - дея баёнот берди Р.Назарзода. - Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа идораларининг жонбозлиги туфайли инсонпарварлик юклари Тожикистонга ўз вақтида етказиб берилгани катта е'тиборга сазовордир. Қадрли ўзбек дўстларимиз, раҳмат сизларга!
Манба: ЎзА