Аёллар ва жамият тараққиёти
Андижон давлат университетида “Бобурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Республика хотин-қизлар “Олима” уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида фаолият юритаётган олима аёллар, адабиётшунослар, тадқиқотчилар, магистрлар ва истеъдодли талаба-ёшлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Илм-фан соҳасида изланаётган хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, олима аёллар тажрибасини оммалаштириш, уларнинг илмий-тадқиқот ва изланишлар олиб бориши учун шароит яратиш, инновацион ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш ва илмий тўпламларини нашр қилишга кўмаклашиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Вилоятдаги олий таълим муассасалари ва илмий марказларида 150 га яқин олима аёл фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Олима” уюшмаси вилоят бўлими раиси, педагогика фанлари доктори Шоҳида Юсупова. – Уларнинг 12 нафари фан доктори, кўпчилиги фан номзодларидир. Жумладан, Ҳанифа Солиҳова, Тўхтахон Муҳиддинова, Лолахон Саидбоева, Салима Мирзаева, Шоҳида Шаҳобиддинова, Дилоро Набиева, Маҳфуза Юсупова сингари олималарнинг тилшунослик, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари мамлакатимиз илм-фани ривожида алоҳида аҳамиятга эга.
Ўтган йили вилоятда 7 нафар олима фан доктори ва доцент илмий даражаси ҳамда унвонига сазовор бўлган. “Олима” уюшмаси вилоят бўлими томонидан иқтидорли қизларга ўз илмий салоҳиятини намоён этиши учун кўмаклашиш, илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий изланиш ва ютуқларини кенг тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий ўқув юртлари, илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий ва маърифий лойиҳалар, олималарга услубий ва маънавий кўмак бериш мақсадида ўтказилаётган семинар ва кўрик-танловлар уларнинг илмий изланишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Анжуманда “Бобур ҳаёти ва ижоди – маънавият кўзгуси”, “Бобурнинг илм-фан ва санъатга эътибори”, “Бобурийлар сулоласи бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Бобурийлар сулоласида аёллар алоҳида ўрин тутган, – дейди Андижон давлат университети доценти Дилдора Абдуллаева. – Жумладан, Гулбаданбегим ўзининг “Ҳумоюннома” асарида шундай ёзади: “Бобурнинг севимли хотини Моҳимбегим сарой аёллари ичида энг доно ва билимдони бўлиб, ички ва ташқи сиёсат бобида шоҳга ўринли маслаҳатлар бериб турган. Акбаршоҳнинг онаси Хадичабону давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этиб, катта обрў-эътиборга сазовор бўлган”. Умуман, бобурий маликалар орасида Жаҳонаробегим, Аржумандбону, Нуржаҳонбегим, Зебуннисодек оқила аёллар нафақат давлат бошқарувида фаол иштирок этган, балки санъат, адабиёт, илм-фан ва маданият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган.
Тадбир доирасида юртимиздаги турли олий ўқув юртлари олималарининг 70 дан ортиқ илмий мақоласи жамланган “Бобурийлар салтанатининг ривожланишида аёлларнинг ўрни” номли китоб тақдимоти, Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси ҳақидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир сўнггида талабалар томонидан адабий композиция намойиш қилиниб, улкан шоир ғазал ва рубойиларидан намуналар ўқилди, куй ва қўшиқлар ижро этилди.